Ёшлар тарбияси устувор вазифадир
Миллий анъана ва қадриятларни ривожлантириш, улуғ аждодларимиз илмий меросини чуқур ўрганиш, ёшларни Ватанга муҳаббат, илм-маърифатли, интеллектуал баркамол авлод этиб тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор вазифаси сифатида қаралмоқда.
Жиззах вилояти қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш – давр талаби” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Зомин туманидаги “Тараққиёт” МФЙда бўлиб ўтган тарғибот тадбирида туман тарғибот гуруҳи раҳбари С.Алимова ва бошқалар Президентимизнинг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти, диний-маърифий соҳани янада такомиллаштириш хусусида тўхталиб ўтди.

– Ота-она фарзанд учун андоза, деган халқимизнинг ажойиб мақоли бор, – дейди туман тарғибот гуруҳи раҳбари С.Алимова. – Бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, ҳалол ва пок яшаш каби ижобий хислатларни ўғил-қизларимиз онгига ёшлигидан сингдиришимиз шарт ва бунда, аввало, ўзимиз ўрнак бўлишимиз лозим.

Тадбир давомида, турли ижтимоий-сиёсий жараёнларга диний тус бериш, сохта ғояларни асл диний қадриятлар сифатида талқин қилиш ва аҳоли орасида носоғлом ақидани сингдириш ҳолатлари кузатилаётгани, бу каби салбий ҳолатларни олдини олиш борасида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
А.Қаюмов,
Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА