Ёшлар – тараққиётнинг етакчи кучи
Давлатимиз раҳбари 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида ёшлар ўртасида бандликни таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масаласи доимий эътибор марказида бўлишини таъкидлаб, бу борада аниқ вазифаларни белгилаб берди.
Мазкур мақсадлар учун 100 миллион доллар ажратилаётгани ҳам ёшларнинг эртаси учун бўлган ғамхўрликдан далолатдир. Бугунги кунда Фарғона вилоятида мазкур йўналишда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Ёшлар билан ишлашнинг янги тизимини жорий этиш, хусусан, «Ёшлар дафтари»га киритилганларнинг бандлигини таъминлаш тизимли давом этмоқда. Ҳозиргача хатловда тўлдирилган 104 минг 153 нафар ёшларнинг анкета сўровномалари электрон платформасига киритилди. Уларни тадбиркорликка жалб қилиш, касб-ҳунарга ўргатиш ва қайта тайёрлаш борасида амалга оширилган ишлар натижасида 2 минг 968 нафари доимий иш билан таъминланди. Шаҳар ва туманларда 165 гектар ер майдонида 23 та «Ёшлар кичик саноат зоналари» ташкил этилди.
Қиргули қир-адирлари билан туташиб кетган Тошлоқ туманидаги Бешолиш даҳаси қурувчи ёшлар билан гавжум. Бу ерда 5,5 гектар майдонда «Ёшлар кичик саноат зонаси» ташкил этилмоқда.
Бетон қориштираётган, ғишт тераётган қурувчилар, йўлсозлар, қудратли техникалар ҳаракати бир зум тўхтагани йўқ. Бугун ушбу маскан манзараси шиддат билан ўзгариб бормоқда. Бу ер 22 нафар ёшларга ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш учун бўлиб берилди. Бекзод Қодиров ана шундай шижоатли ёшлардан бири. Автомобиль эҳтиёт қисмлари савдоси билан шуғулланиб келган тадбиркор мустақил ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйишни мақсад қилган. Унинг таклифи туман мутасаддилари томонидан қўллаб-қувватланди, кичик саноат зонасидан 10 сотих ер майдони ажратиб берилди.
– Илгари бир қарич ер олиш мушкул эди. Бўлар эканку, – дейди «Беҳрузбек Осиё тараққиёти» оилавий корхона раҳбари. – Бу ерда умумий қиймати 2 миллиард сўм бўлган лойиҳани амалга оширяпмиз. Янги тармоқ шу йилнинг 4-чорагида ишга тушади. 15 нафар ёшлар иш билан таъминланади, кунига 5 тоннадан ортиқ пайвандлаш учун электродлар ишлаб чиқариш имконияти яратилади.
Кичик саноат зонасида инфратузилма тармоқлари қурилишига алоҳида эътибор қаратилаётгани истиқболли лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш, янги маҳсулот ва иш ўринлари яратишда қўл келади.
– Ҳар куни қурувчи ва лойиҳа ташаббускорлари билан мулоқот қилиб, муаммоларни ҳамжиҳатликда бартараф этишга ҳаракат қиляпмиз, – дейди Тошлоқ тумани инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи ўринбосари Илҳомжон Абдулазизов. – Шу кунга қадар 2 километрдан ортиқ юқори кучланишли электр узатмалари тортилди, янги подстанция ўрнатилди. Йўл, табиий газ, сув тармоқларини қуриш ишлари якунланди.
Кичик саноат зонасида тадбиркорларга 10 сотихдан – 1 гектаргача ер майдони ажратилган. Қиймати 45 миллиард 893 миллион сўм бўлган лойиҳалар доирасида қурилиш, мебель, ип-калава, пластмасса маҳсулотлари, озиқ-овқат, мевани қайта ишлаш сингари ўнлаб корхоналар ишга тушади, 634 та иш ўрни яратилади.
«Қанжирға» маҳалла фуқаролар йиғинида олиб борилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари ҳудудда янгидан-янги ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш бинолари қад кўтаришга имконият берди. Ёшлар тараққиётнинг етакчи кучи сифатида бу ишларга ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА