Бўка туманининг Гулистон қишлоғи кун сайин чирой очмоқда. Жумладан, қишлоқ инфратузилмасини яхшилаш, ижтимоий соҳа объектлари фаолиятини самарали ташкил этиш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Айниқса, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида қилинаётган чора-тадбирлар натижасида кўплаб муаммолар тизимли ҳал этилмоқда. Хусусан, 289 нафар аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди ва уларга саломатлигини тиклаш учун тегишли тиббий кўрсатмалар берилди. Тиббий кўрик натижалари асосида 3 нафар фуқаро юрак касаллиги бўйича рўйхатга олинди, 5 нафари туман шифохонасига ётқизилди, 8 нафарига даволаниш учун йўлланма берилди, 5 нафари республика илмий-текшириш марказларига юборилди.
– “Нуроний” жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида “Уч авлод” учрашуви ўтказилди, – дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Бўка тумани бўлими бошлиғи Зоҳиджон Обидов. – Унда ёшларнинг бўш вақтини самарали ўтказиш, аҳолининг маданий ҳордиқ чиқаришини ташкил этиш, китобхонликни оммалаштириш каби мавзулар муҳокама қилинди. Қишлоқ аҳолиси, жумладан, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида уларнинг ижтимоий фаолликларини оширишга қаратилган “Маданият карвони” ташкил этилиб, унда таниқли хонандалар иштирокида тадбир ўтказилди.
Маҳалла ёшлари билан ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган тадбирлар ҳамда “Беш ташаббус” олимпиадаси доирасида мусобақалар ўтказилди. Жўраободда жойлашган 30-сонли умумтаълим мактаби футбол майдонида спорт мусобақаси ташкил этилди. Унда маҳалладаги 120 нафардан ортиқ футболга қизиқувчи ёшлар жалб этилиб, ғолиб ва фаол иштирокчиларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, ҳудуддаги кураш спорт турига ихтисослашган клубда туман ёшлари орасида “Миллий кураш” мусобақаси ташкил этилди. 7 та вазн тоифасида ўз маҳоратини кўрсатган ёшлар ташкилотчиларнинг эътирофига сазовор бўлди. “Жўраобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мамасоли Жалиловнинг айтишича, ҳудудда ёшлар учун IT дастурлари ва хорижий тилларни ўрганиш бўйича ўқув марказини ташкил этиш мақсадида 30- умумтаълим мактабда 2 та синф ташкил қилиниб, тўлиқ жиҳозланди.
Қишлоқда 300 ўринли замонавий мактаб ва 12х24 ўлчамдаги спорт залини қуриш, эски боғча биносини капитал таъмирлаш ва унда замонавий мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш бўйича ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА.