Ёшлар шахмат бўйича ўзаро баҳслашди
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Навоий вилоят кенгаши ташаббуси билан Қуролли Кучлар куч тузилмалари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ёш ҳарбий хизматчилари ва ходимлари ўртасида спортнинг шахмат тури бўйича мусобақа ташкил этилди.
Юртимизда бошқа спорт турлари қаторида шахматни ҳам аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш ва уни оммавий спорт турига айлантириш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал ва маданий ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бунда 2021 йил 14 январда қабул қилинган “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори дастуриламал вазифасини бажармоқда.

Вилоят Ички ишлар, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар, Божхона бошқармалари, ҳарбий қисмлардан 50 нафар ёш ҳарбий хизматчи ва ходимлар иштирок этган мусобақада 1-ўринни Ички ишлар бошқармаси ходими Бахтиёр Султонов, 2- ва 3-ўринни Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари Шариф Ҳамраев ҳамда Комил Каримов қўлга киритишди.

Ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, фаол иштирокчилар Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Навоий вилоят кенгаши томонидан тақдирланди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири