Муборак Қурбон ҳайити арафасида Термиз шаҳри ва туманларда турар-жой шароитларини яхшилашга муҳтож, давлат ғамхўрлигига олинган 56 нафар ёшга янги уйларнинг калити топширилди.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Бойсун туманидан “Zoom” платформаси орқали иштирок этиб, мамлакатимизда кейинги йилларда ёш авлодга кўрсатилаётган ғамхўрликлар йигит-қизларнинг ҳеч кимдан кам бўлмай улғайишига хизмат қилаётганини таъкидлади. Ота-она қарамоғидан ажралган ўғил-қизларга таълим-тарбия бериш, уй-жой ва иш билан таъминлашга қаратилаётган эътибор ҳақида атрофлича фикр юритди.
Маросимда Бойсун туманидаги тўрт нафар ёшга уй-жойлар сертификати топширилди. Уларнинг яқинлари уй-жойларнинг берилиши Қурбон ҳайити олдидан катта совға бўлганини, давлат томонидан ота-онасиз қолган фарзандларга кўрсатилган бу каби ғамхўрликдан миннатдор эканликларини қайд этди.
Шу куни Шўрчи туманида ҳам ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган етти нафар ўғил-қиз уй-жойли бўлди. Улардан бири Кристина Весёлкина 1-касб ҳунар мактабининг тикувчилик йўналишида таҳсил олади. У келажакда шифокор бўлишни орзу қилади. Янги уй Кристинанинг бу орзуларини рўёбга чиқишидаги интилишини янада кучайтирди.
–Кўрсатилган ғамхўрликдан бошимиз осмонга етгудек бўлди, – дейди Кристина Весёлкина. – Акам билан янги уйга кўчиб ўтдик. Бу ҳаётимдаги энг қувончли ва бир умр ёдимдан чиқмайдиган воқеага айланди. Қувончимнинг чеки йўқ. Ватанимга, Президентимга бўлган ишончим, муҳаббатим янада ошди.
Ёшларга туҳфа қилинган уйларда уларнинг бахтли ҳаёт кечириши учун барча шароит яратилган.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири