Ёшлар парламенти фаолиятига қандай баҳо берилди?
Маълумотларга кўра, дунё парламентлари таркибида ёшлар 2 фоизни ташкил этар экан. Ўзбекистонда эса 2019 йилдаги сайловлардан кейин 30 ёшгача бўлган парламент аъзолари 6 фоизни ташкил этган. Парламентда ёшлар ўрнининг ортиб бораётгани қувонарли ҳол.
Зеро, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2020 йилдан бошлаб парламент палаталарида Ёшлар парламенти фаолияти йўлга қўйилди.
Парламент қуйи палатасининг мажлисида Ёшлар парламенти раиси Шаҳноза Жолдасованинг Ёшлар парламентининг 2021 йилда амалга оширилган ишлари тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, ҳисобот даврида ёшлар билан ишлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш, қонун ижодкорлиги фаолиятига ёшларни кенг жалб қилиш, қонунларда ёшлар манфаатларини акс эттириш, ҳудудлардаги ёшлар овозини ҳам парламентда эшитишни янги босқичга кўтариш каби устувор вазифаларнинг бажарилиши устидан жамоатчилик назорати ўрнатилди.
Ёшлар парламенти томонидан 2021 йилда Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳаси юзасидан 87 та таклифлар тайёрланган бўлиб, улардан 27 таси қонун лойиҳаларини такомиллаштириш жараёнида инобатга олинди. Шунингдек, ўтган даврда қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти, ёшларнинг парламент фаолияти ва қонун ижодкорлигининг барча босқичларидан хабардорлигини ошириш масалаларига бағишланган 98 та ўқув-семинар ва конференциялар ташкил этилди. 124 та ўрганишлар амалга оширилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси билан ҳамкорликда бир нечта вазирлик ва идораларнинг ахборотлари тингланди
Ҳисобот даврида Ёшлар парламенти томонидан халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга, хусусан, хорижий мамлакатлар ёшлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Ёшлар парламенти аъзоси О.Шавкатов Қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳрида ташкил этилган “Туркистон – турк дунёси бешиги” халқаро ёшлар саммитида, Х.Aкрамов Омск вилоятида илк маротаба ташкил қилинган “Россия ва Марказий Осиё” ёшлар форумида фаол иштирок этди.
Мажлисда Ёшлар парламенти фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар илгари сурилиб, берилган ахборот маълумот учун қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА