Нурафшон шаҳрида “Ёшларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ННТлар фаолияти таҳлили: муаммо ва ечим” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят ҳудудий бўлинмаси, Вилоят Адлия бошқармаси, “Юксалиш” ҳаракати вилоят бўлими, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда иштирокчилар фаол қатнашди.
Маълумки, Фуқаролик жамияти институтлари ёшлар ва болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳасида муҳим роль ўйнайди. Бу институтлар турли ташкилотлар, фондлар, жамоат бирлашмалари ва ННТларни ўз ичига олади. Улар ёш авлоднинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ҳолатини яхшилаш ва ривожлантириш учун турли дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширади. Лекин бу жараёнда ёшларнинг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган мониторинг ва ахборот-тарғибот фаолияти ҳам жамият учун жуда муҳимдир. Давра суҳбатида қатнашчилар томонидан айнан шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.

– Ўтган даврда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кўплаб қонун ва қонун ости ҳужжатлари қабул қилинган. Уларнинг ижроси юзасидан Тошкент вилоятида ёшлар ва болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилган. Ҳозир ҳудудда 1 миллион 542 минг 922 нафар 30 ёшгача бўлган ёшлар мавжуд бўлиб, уларнинг 628 минг 542 нафари 14-30 ёшдагиларни ташкил этади. Уларни тадбиркорликка қизиқтириш ва хусусий секторда фаолият бошлашига кўмаклашиш мақсадида 42 маротаба 4 минг 110 нафар ёшлар иштирокида бизнес семинар, 680 нафар ёшлар иштирокида бизнес учрашув, 400 нафар ёшлар иштирокида 6 та бизнес саёҳат ҳамда 1600 нафар ёшлар иштирокида 2 та бизнес марафон ўтказилган, – дейди Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят ҳудудий бўлинмаси мутахассиси Шоира Охунжонова.

Тадбирда иштирокчилар томонидан мамлакатимизда аъзолар сони жиҳатдан энг йирик нодавлат нотижорат ташкилотларидан бири Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Ёшлар бирлашмаси томонидан ҳам ёшлар ва болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги лойиҳалари амалга оширилгани таъкидланди.
2021-2024 йиллар давомида ёшларда ватанпарварлик, юртга садоқат, ҳалоллик ва мардлик туйғуларини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзига жалб этишга қаратилган ўқув семинар ва маънавий-маърифий учрашувлар, кўрик-танловлар, спорт мусобақалари ҳамда давра суҳбатлари ўтказилди. Уларга Тошкент вилояти касаба уюшмаси Ёшлар бирлашмасининг 39 минг 850 нафардан зиёд ёш аъзолари қамраб олинган.

Шунингдек, вилоятда ўз ташаббуси билан ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилотлари орасида ёшлар ва болаларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш йўналишида фаолият олиб бораётганлари ҳам мавжуд. Жумладан, “Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси” Тошкент вилояти бўлими ногирон оила фарзандлари, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳамда собиқ тарбияланувчиларнинг оилаларидан хабар олиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтган йил 50 миллион сўм миқдоридаги грант маблағларини олган.

Масалан, меҳрибонлик уйини тамомлаган ва ҳозирги кунда мустақил ҳаётга қадам босган битирувчи А.Юсуповга давлат томонидан берилган уй жойларини жиҳозлаши учун гилам, музлатгич ва юмшоқ мебель олиб берилган. Шунингдек, ота-онаси ногирон бўлган оила болаларининг холидан хабар олиниб уларга мактаб учун керакли ўқув қуроллари, санитар гигиеник маҳсулотлар олиб беришда кўмаклашилган.
Давра суҳбатида ёшларни меҳнат бозорида актуал касбларга ўқитиш ва иш топишларига кўмак бериш ҳамда соҳага инновацион методларни жорий этиш мақсадида ташкил этилган Ўзбекистон таълим ва инновацияларни ривожлантириш ассоциацияси нодавлат нотижорат ташкилоти фаолияти самарали йўлга қўйилгани айтиб ўтилди.

Мазкур ассоциацияга охирги 5 йилда 700 миллион сўмлик грант маблағлари ажратилган. Шу асосида 2 минг 500 нафар ёшлар ва хотин-қизлар бухгалтерия, ахборот технологиялари, тадбиркорлик асослари, Ижтимоий тармоқлардаги фаолият, менежмент, тикувчилик, график дизайн сингари замонавий касб йўналишлари бўйича бепул ўқитилган. Шунингдек, 40 дан ортиқ таълим муассасаларида турли тарғибот тренинглари ташкил этилиб, 3 мингдан зиёд тарқатма материаллар ва ўқув қўлланмалар хотин-қизлар ва ёшларга тарқатилган.
– Тадбирда ёшлар балансини шакллантиришда тоифаларга ажратиш масаласи танқид қилинди. Бироқ, бизнинг фаолиятимизда бу тартибда иш олиб бориш муҳимдир, – дейди Пискент туманидаги “Бекобод” МФЙ ёшлар етакчиси Шаҳло Якубова. – Айниқса, оғир тоифадаги ёшлар билан ишлашда нималарга алоҳида эътибор бериш кераклиги борасида тавсияларни олдик. Бу жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ташаббусларидан тўғри фойдаланиш зарурлиги борасида хулосаларга эга бўлдим. Бундан ташқари, мамлакатимизда “Ёшлар дафтари”нинг жорий этилиши ёшларга оид давлат сиёсати ижросини таъминлаш борасидаги энг муҳим қадам бўлди. Бугунги кунда 18-30 ёшдаги минглаб ижтимоий ҳимояга ҳамда иқтисодий қўллаб-қувватлашга муҳтож ишсиз ёшларнинг муаммоси ўз ечимини топа бошлади.
Тадбирда ҳудудлардаги маҳаллаларда фаолият юритаётган ёшлар етакчилари нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликда самарали ишни ташкил қилиш, ёшларга оид мавжуд муаммоларга ечим топиш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
А.Мусаев,ЎзА.