Ёшлар муаммоларига ечим изланди
Навоий вилояти Ғозғон шаҳар прокурори Ш. Ғаффоров томонидан бириктирилган ёшлар билан навбатдаги учрашув ўтказилиб, уларнинг мавжуд муаммолари, мурожаат ва таклифлари ўрганилди.
Учрашувда асосий эътибор ёшларни қийнаётган масалаларни жойида ҳал этиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилди.

Ўрганиш жараёнида тадбиркор ёш Д.Шодиевга тегишли мармарни қайта ишлаш цехида фойдаланилган электр энергияси учун шаҳар электр тармоқлари корхонаси томонидан ортиқча ҳақ ундирилаётгани ҳақидаги мурожаат кўриб чиқилди. Натижада масъул идоралар томонидан қайта ҳисоб-китоб амалга оширилиб, мурожаат муаллифининг ҳақ-ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.
– Учрашувда қатнашиб, онамнинг ногиронлик нафақаси асоссиз равишда бекор қилингани ҳақида мурожаат қилдим, – дейди Ф.Раҳматов. – Мурожаатим юзасидан шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига тегишли кўрсатмалар берилиб, қонуний тартибда ҳал этилиши назоратга олинди. Шу билан бирга ишга жойлашишда амалий ёрдам сўраб йўллаган мурожаатим асосида шаҳар ободонлаштириш бошқармасига ишга жойлашадиган бўлдим.

Шунингдек, учрашув давомида Навоий давлат университети талабаси И.Раҳимовнинг ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашишда ёрдам сўраб қилган мурожаати ҳам қабул қилиниб, ҳозирда мазкур масала шаҳар прокуратураси томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилмоқда.
Бундай учрашувлар ёшлар билан очиқ мулоқотни кучайтириш, уларнинг муаммоларига ўз вақтида ва қонуний ечим топиш ҳамда жамиятда ижтимоий адолатни таъминлашга хизмат қилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири