Учқудуқ туманидаги “Учқудуқ” маданият уйида туман раҳбарлари билан ёшларнинг учрашуви бўлиб ўтди.
Туман ҳокими Соли Ҳамроев олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланишлар ва 2024 йилда режалаштирилган ишлар хусусида батафсил маълумот берди.
Таъкидланганидек, ҳозир “Ёшлар дафтари” электрон платформаси орқали келиб тушган мурожаатларнинг 716 тасига амалий ёрдам кўрсатилган. Жумладан, ёшларнинг муаммоларини бартараф этиш, турли тўловлари учун 407 нафар ёшга 1 миллиард 148 миллион сўм маблағ сарфланган.
– Жорий йил 11 апрелда Юртбошимиз томонидан ўтказилган ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида 232 нафар ишсиз ёш учун бандлик дастури шакллантирилди, – деди туман ҳокими. – Дастур асосида 225 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди, 7 нафарини иш билан таъминлаш масаласи кўриб чиқилмоқда. 2022 йилги “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги спорт мусобақаларида республикада ғолиб ва совриндор бўлган Мустақиллик, Айтим ва Абай маҳаллалари ёшлари учун воркаут майдончалари қуриб берилди. Олимпиаданинг жорий йил август ойида эълон қилинган 2-босқичида эса 6515 нафар ёки 74,5 фоиз ёш қамраб олинди. Айтим маҳалласи ёшлари “Заковат” интеллектуал ўйинида туман ва вилоятда биринчи ўринни қўлга киритиб, мамлакат босқичида фаол иштирок этди.
Туман ҳокимининг таъкидлашича, 2024 йилда ҳам ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш мақсадида 9 та йўналишда ишлар олиб борилади. Жумладан, давлат кўмагига муҳтож оғир тоифадаги ёшлар билан ишлаш орқали уларнинг ҳаёти яхшиланишига кўмаклашилади. Ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш учун улар замонавий касблар ва тадбиркорликка ўқитилиб, субсидия, ер майдони ва кредитлар ажратилади. Шунингдек, хориждаги ёшлар фаолияти ўрганилиб, уларни ватанга қайтариш ва бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади. Норасмий банд ёшларга ўзини-ўзи банд қилиш орқали бандлигини таъминлашга кўмаклашилиб, расмий секторга ўтказиш, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга кўмаклашиш, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар ва вояга етмаганлар билан тизимли ишлаш мақсадида “Ҳаракатлар режаси” ишлаб чиқилади. Шу билан бирга маҳаллаларда ёшларни “Беш ташаббус олимпиадаси”га жалб этиш орқали уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, иқтидорли ёшларни излаб топиш, истеъдодини рўёбга чиқариш ва уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Туман ҳокими раҳбарлигида очиқ ва ўзаро фикр-мулоҳазаларга бой тарзда ўтган учрашувда ёшлар ишга жойлашиш, ахборот коммуникацион технологиялар, ёшларга берилаётган шароит ва имтиёзлар хусусида ўзларини қизиқтирган саволларга мутасадди раҳбарлардан жавоблар олди.
– Учрашувда “НКМК жамғармаси”га ишга жойлашиш учун берилган квота орқали ишга жойлаша олмаётганлигим тўғрисида маълум қилдим, – дейди “Йулчилар” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Гуласал Ҳайдарова. – Мурожаатимга туман раҳбари томонидан квота ажратилган ҳолатда иш билан таъминланиш мажбурийлиги тўғрисида маълумот берилиб, шахсан ўзи назоратга олишини билдирди.
Учрашувда бир гуруҳ ёшлар муносиб тақдирланиб, “Учқудуқ” ва “Қизилқум” маданият уйлари хонанда ва созандалари томонидан куй-қўшиқлар ва рақслар ижро этилди.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири