Ҳар йили ёз фаслининг ойи мамлакатимизда ёшларга бағишланяпти. 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан жойларда турли маданий-маърифий тадбирлар, спорт беллашувлари, интеллектуал ўйинлар ўтказилади. Хусусан, Тошкент вилоятида ҳам ёшлар ойлиги доирасида 500 дан зиёд мана шундай тадбирлар – дўстлик анжуманлари ўтказилди.
Нурафшон шаҳрида сана муносабати билан тантанали маросим ташкил этилди. Унда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшларга йўллаган байрам табригини Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ўқиб эшиттирди.
Қайд этилганидек, охирги пайтларда вилоят ёшларининг жамиятда ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг билим олиши, касб-ҳунар ўрганишини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш борасида кенг қамровли ишлар қилиняпти. Масалан, йил бошидан буён 18 минг 14 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилиб, 8 минг 533 нафарига амалий ёрдам кўрсатилди, қолганлари билан ҳам тегишли тартибда иш олиб бориляпти.
Туман-шаҳарлардаги “Ёшлар дафтари” жамғармасида 39,2 миллиард сўм маблағ шакллантирилиб, белгиланган тартибда йўналтириляпти.
Бундан ташқари, “Беш ташаббус олимпияда”сининг ҳар йили икки босқичда ўтказилиши, ижтимоий имконияти чекланган ёшлар учун “Беш ташаббус паралимпиядаси”нинг йўлга қўйилгани келгусида маҳалла ёшларининг профессионал спортчи бўлишига туртки беряпти. 2022 йилда Тошкент вилояти ёшлари мазкур мусобақанинг Республика финал босқичида жами 40 та, шундан 13 та биринчи ўрин, 17 та иккинчи ўрин ҳамда 10 та учинчи ўринларни эгаллашди. Жорий йилги турнирнинг биринчи мавсуми доирасида махсус онлайн платформа орқали 420 минг 517 нафар ортиқ ёшлар иштирок этиш истагини билдириб, рўйхатдан ўтган. Демак бу сафар ҳам яхши натижалар бўлиши кутиляпти.
Ҳудуддаги муҳташам амфитеатрга вилоятнинг турли ҳудудлардан сайилга келган ёшлар учун қизиқарли бадиий дастур намойиш қилинди. Барчада кўтаринки кайфият улашилди.
А.Мусаев,ЎзА.