Ёшлар ишсизлиги: Муаммо бор, ечим эса...
Олимларнинг қайд этишича, дунёда, айниқса, ривожланган Ғарб давлатларида инсоният тарихида илк бор ўзидан олдинги авлоддан кўра қашшоқроқ яшашга мажбур бўлган авлод ўсиб келмоқда. Улар бунинг асоси деб ёшлар ишсизлигини назарда тутмоқда.
Ўрганишларга кўра, кейинги пайтларда ишсизларнинг бандлик хизмати органларининг хизматларига қизиқиши муайян даражада пасайиб кетгани қуйидаги шарт-шароитлар билан изоҳланади:
– таклиф этилаётган бўш иш ўринларининг ишсизлар касбига мос келмаслиги,
– тўланадиган иш ҳақи миқдорининг камлиги,
– иш ўринларининг вақтинчалик тавсифга эгалиги ҳамда таклиф этилаётган аксарият бўш иш ўринларидаги меҳнат шароитининг оғирлиги, зарарли ва хавфли эканлиги.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг 2,4 миллион нафар фуқароси меҳнат миграциясида. Уларнинг 35 фоизга яқини 30 ёшгача бўлган ёшлар ҳисобланади.
Хўш, республикамизда ишсиз ёшларнинг кўпайишига нима сабаб бўляпти?
Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда республикамизда аҳолининг ўсиш даражаси юқорилиги ва меҳнат бозорига кириб келаётган ёшлар сони кескин ошганлиги сабабли, ҳудуларда етарли даражада иш ўринлари ташкил этилмаётгани ёшлар ишсизлигининг ортишига сабаб бўлмоқда.
Қайд этилишича, ишга кирмоқчи бўлган ёшларга сантехника, электр устаси, электр-монтажчи, тикувчилик, сартарошлик, ошпазлик, қандолатчилик йўналишлари бўйича эҳтиёж мавжуд. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан фуқароларга таклиф қилинаётган ишлар кўпинча рад этилади. Улар асосан иш берувчилар томонидан эълон қилинаётган бўш иш ўринларига белгиланган иш ҳақининг миқдори қониқтирмаслиги, хусусий корхона ва ташкилотларда ишчи ходимлар учун муносиб шарт-шароитлар яратилмагани, хусусий корхона ва ташкилотларда иш берувчилар томонидан белгиланган иш соатлари меҳнат қонунчилигига мос келмаслиги каби сабабларга кўра рад этишади.
Олий таълим муассасасини битириб ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашиш истагида бўлган битирувчилар доимий равишда мурожаат қилиб, мавжуд бўш иш ўрингарига ишга жойлашмоқда. Хусусан, ўтган йилда меҳнат органларига 11 мингдан ортиқ ОТМ битирувчилари мурожаат қилиб, уларнинг 8,5 минг нафари ишга жойлаштирилган.
Меҳнат органларига мурожаат қилган ишсиз фуқароларга “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, мурожаат қилган кундан бошлаб 10 кун давомида муносиб иш ўринлари топилмаган тақдирда, 11 кундан кечиктирмасдан ишсиз деб эътироф этилади ва 6 ойгача вақтинчалик ишсизлик нафақаси тўланади.
Ёшлар ўртасида ишсизлик ривожланган мамлакатларда ҳам энг асосий муаммолардан бирига айланган. Бугунги ахборот муҳитининг глобаллашуви, юқори турмуш даражаси ва ёшларнинг ҳаётий эҳтиёжларини мутассил ортиб бораётгани, ишсизлик даражасининг юқорилиги сабабли ёшларни муносиб иш билан таъминлаш билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий ва ташкилий муаммолар янада ўткирлашиб бормоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА