Ёшлар “Ҳарбийнинг бир куни” билан танишди
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида ёшларни ҳарбий касбга бўлган қизиқишларини янада ошириш ва уларни ҳарбийлар ҳаёти билан яқиндан таништириш мақсадида “Ҳарбийнинг бир куни” мавзуидаги тадбир бўлиб ўтди.
Унда пойтахтимизнинг А.П.Хлебушкина номидаги 22-сонли “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари, мураббийлар, фаҳрийлар, профессор-ўқитувчилар, ҳарбий хизматчи, курсантлар ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбир давомида ёшлар академия курсантларининг кундалик ҳарбий хизматининг ўташ тартибини ўрганишди. Академиянинг кун тартибига мувофиқ, курсантларнинг эрталабки “уйғон” командасидан хизматга киришган бир гуруҳ ёш ҳаваскор ҳарбийлар, аввало ётоқхона ўрин жойларини тартибга келтириш ҳамда эрталабки бадантарбиядан бошлашди. Сўнгра ювиниш, нонушта, саф тайёргарлиги жараёнларини ўташди.
Шунингдек, ёшлар махсус ўқув ҳарбий қурол-аслаҳалар ва куч воситалар, ёнғин ва қутқарув хизматида фойдаланиладиган техникалар, махсус асбоб-анжомларнинг кўргазмали намойишлари, курсантлар иштирокидаги ўқув минорасининг 4 қаватидан ўз-ўзини қутқариш ҳамда ишғол қилиш нарвони ёрдамида 4 қаватга кўтарилиш машқининг намойишини томоша қилди.

Курсантлар томонидан ёнғин ўчириш амалий спорти бўйича жанговар ёйилиш, махсус ёнғин-қутқарув автомобиллари орқали кўргазмали намойиши ҳамда курсантлар спорт турининг қўл жанги бўйича чиқишлари ёшларнинг ҳарбий соҳага ва қутқарувчилик касбига бўлган қизиқишларини орттирди.

– Бугунги кунда ёшларимизда ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш, Она-юрт тақдири учун масъулият туйғусини мустаҳкамлаш, уларни ўз касбига садоқатли ва ҳар томонлама етук кадрлар этиб тарбиялаш ҳар биримизнинг бурчимиздир, – деди подполковник Тўлқин Ражабов. – Ёш авлод вакиллари билан ҳарбий-ватанпарварлик йўналишидаги тадбирларни тизимли олиб бориш мақсадида, ташкил этилаётган тадбирлар замирида ёшларнинг ҳарбий соҳага бўлган иштиёқларини янада ошириш мужассамдир.
Гулноза Бобоева, ЎзА