Ёшлар ҳарбийлар фаолияти билан танишди
ДХХ Чегара қўшинларига қарашли Тошкент туманида жойлашган ҳарбий қисмда ҳудуддаги "Қушқўнди", "Оқтом", "Оқтош" МФЙлар ёшлари учун "Армия – жасорат, матонат ва билим маскани" шиори доирасида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди.
Замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар кўргазмаси ёшларда яхши таассурот уйғотди. Ҳарбийларнинг яшаш шароитлари билан танишилди.
Суҳбат давомида эса мутахассислар томонидан мамлакатимиз ёшлари учун армия жасорат, матонат ва ҳақиқий қаҳрамонлик мактабига айланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, ёшларга Ўзбекистон Қуролли Кучларида сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самаралари тўғрисида маълумотлар бериб ўтилди.
Сержант А.Маҳамадиевнинг ўзига бириктирилган "Макс" лақабли хизмат ити билан чегара бузғунчисини ушлаш жараёни кўрсатилган кўргазмали чиқиши ўқувчилар томонидан олқишланди.
Болалар ҳарбийлар учун яратилган электрон кутубхоналар, ошхона, ётоқхона, хизмат ҳайвонлари хоналари ҳамда бошқа ҳарбий жиҳозлар билан яқиндан танишди.
[gallery-15475]
Шунингдек, "Армия ва халқ якдилдир" шиори остида ҳарбийлар ва ёшлар ўртасида спортнинг волейбол, тош кўтариш ва арқон тортиш турлари бўйича мусобақа ташкиллаштирилди. Яхши қатнашган фаол ўқувчилар эса ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.
– Биз ёшлар билан дўстона мулоқотларимизни мунтазам ўтказамиз, – дейди ДХХ Чегара қўшинлари офицери, подполковник Айбек Даулетмуратов. – Бу галги учрашув ҳам эсда қоларли бўлди. Саъй-ҳаракатларимиз туфайли болаларда ҳарбий соҳага қизиқиш янаям ортди, деб ўйлайман. Миллий армиямиз сафларида мустақил фикрлайдиган, ташаббускор, шижоатли ёшларни бирлаштириш, уларнинг жисмоний ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Шу йўлда меҳнат қилишдан чарчамаймиз.
А. Мусаев, Д. Эрназаров(сурат),
ЎзА мухбирлари