Ёшлар газетаси грант ютиб олди
“Buxoro yoshlari” газетаси таҳририяти Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши ҳузуридаги Нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ажратилган 60 миллион сўм грант маблағларига эга бўлди.
Шу муносабат билан Ёшлар марказида “Соғлом ҳаёт–бахтли келажак” лойиҳаси режалари билан таништириш ва келгусидаги жараёнлар ҳақида батафсил тушунтириш мақсадида матбуот анжумани ташкил қилинди.

– “Buxoro yoshlari” таҳририяти доимий газетани нашр эттириш ишларидан ташқари, турли тадбиру танловларда иштирок этишга ҳам улгуради, – дейди Ёшлар ишлари бошқармаси Ахборот таҳлил ва ижро назорати бўйича бош мутахассис Шерзод Нарзуллаев. –Газета жамоаси бугун катта бир лойиҳанинг бошида турибди. Ишончим комилки, лойиҳа доирасида ўтказилиши кутилаётган тадбирлар файзли ва самарали бўлади.

Шунингдек, матбуот анжуманида иштирок этган оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда блогерларга эсдалик совғалари тақдим этилди. Креатив тарзда ўтган матбуот анжуманида интерфаол ўйинлар ҳам ташкил этилди.


– Бухоро вилояти спорт бошқармаси йил якунига қадар ёшлар ўртасида кўплаб лойиҳа ва учрашувлар ўтказишни режалаштирган, –дейди вилоят спорт бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Гулмира Ғуломова. –Таҳририят лойиҳаси ҳам айнан йўналишимизга мослиги туфайли ҳамкорликда иш олиб борамиз. Биргаликда яна режалар тузиб, ҳали юзага чиқмаган иқтидор ва истеъдод эгаларини излаб топамиз.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири