Ёшлар етакчилари маҳоратини оширди
Бўстонлиқ туманидаги "Ёшлар оромгоҳи"да Тошкент вилоятидаги маҳаллаларда фаолият олиб бораётган энг фаол ёшлар етакчилари иштирокида уч кунлик амалий семинар ташкил этилди.
Семинар доирасида турли концерт дастурлари, ўқув машғулотлари, спорт мусобақалари ўтказилди.

Дастлаб оромгоҳнинг фаоллар залида маҳалла ёшлар етакчилари ва тегишли масъуллар иштирокида "Ёшлар мурожаатлари билан ишлаш", "Беш ташаббус лойиҳалари", " Ёшлар дафтари тизимининг мақсади", "Оғир тоифадаги ёшлар билан ишлаш", "Бандлик дастури билан ишлаш" каби қатор мавзуларда ўқув- семинарлар бўлиб ўтди. Мутахассислар томонидан жорий йил бошидан буён ёшлар масалалари бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди. Жойларда учраётган муаммоларни бартараф этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Мини футбол, стол тенниси ва волейбол мусобақалари ҳамда "Заковат" интеллектуал ўйини ҳам уюштирилди.
— Мулоқотларимиз доирасида ёшларнинг ташаббусларини маҳаллаларда қўллаб-қувватлаш, илм олиш, мамлакатимизда ислоҳотларга дахлдор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ёшлар етакчиларининг таклифларини шакллантириш юзасидан ҳам фикр алмашилди, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Миразиз Мирсултонов.

Бўлиб ўтган турли мусобақалар ёшлар етакчиларининг иқтидор ва ижодий салоҳиятини намоён этиши учун ҳам кенг имкониятлар эшигини очди.

Барча иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
А.Мусаев,ЎзА мухбири.