Ёшлар етакчилари Хитойда малака оширмоқда
Шу кунларда Ўзбекистон ёшлар етакчилари делегацияси Хитой Халқ Республикасининг Гуанчжоу шаҳрида жойлашган Ҳенгли экспериментал мактабида малака оширмоқда.
Сафар доирасида делегация аъзолари мактаб раҳбарияти билан учрашиб, ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва лидерлик қобилиятларини ривожлантириш бўйича тажриба алмашди. Шунингдек, таълим муассасасининг замонавий инфратузилмаси, инновацион ўқув хоналари ва спорт мажмуалари фаолияти ўрганилди.

Дастур давомида етакчиларимиз таълим ва бошқарув жараёнларида сунъий интеллект ҳамда рақамли технологияларни қўллаш, стартап ва бизнес лойиҳаларни бошлаш амалиёти, ёшлар бандлигини таъминлашнинг замонавий моделлари ҳамда ақлли қишлоқ хўжалигида инновацион технологиялардан фойдаланиш каби долзарб йўналишлар бўйича махсус семинар-тренингларда иштирок этди.

Ушбу халқаро тажриба алмашинуви илғор инновацион ёндашувларни ўрганиш ва уларни юртимиздаги ёшлар сиёсатида амалиётга татбиқ этишга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА