Ёшлар делегацияси Сурхондарёда
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16-17 ноябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида ёшлар сиёсати соҳасида берилган топшириқларни амалга ошириш юзасидан Термиз шаҳри ва Термиз туманида барпо этилган “Ёшлар инфратузилма объектлари”га ташриф буюрган ҳолда амалий семинар ташкил этиш режалаштирилган эди.
Шу муносабат билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, Ёшлар ишлари агентлигининг ҳудудий бошқарма бошлиқлари ҳамда “Ёшлар-келажагимиз” жамғармаси ҳудудий бўлимлари раҳбарлари Сурхондарё вилоятига етиб келди ва дастлаб “Ал-Ҳаким ат-Термизий” ҳамда “Султон Саодат” зиёратгоҳларини зиёрат қилди.
Делегациянинг кейинги манзили Термиз шаҳридаги “Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази” бўлди. Ушбу марказ Президентимизнинг жорий йил 14 сентябрдаги “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида иш бошлаган бўлиб, кичик бизнес лойиҳаларини танлаб, ташаббускорларни ўқитиш, молиялаштириш ва ахборот билан таъминлаш билан шуғулланади. Бизнес режалар ва техник иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш, бозор топиш билан боғлиқ комплекс хизматларни кўрсатиш сингари тадбиркорларни узлуксиз қўллаб-қувватлаш дастури доирасидаги тадбирларни амалга оширади.
[gallery-14702]
Навбатдаги манзил Термиз шаҳрида 3,8 гектар майдонда янгидан барпо этилган “Ватанпарварлар боғи” бўлди.
Боғ “Ватанпарварлик”, “Маданий ҳордиқ”, “Спорт” ва “Маънавий озуқа” ҳудудларига ажратилган бўлиб, йўналишларга мос равишда жиҳозланган.
Ҳудудда ўрнатилган тарихий экспонатлар ва ҳарбий техникалар ёшларга миллий армиямизнинг тарихи ва бугуни ҳақида маълумотлар бериш билан бирга, уларда ҳарбий-ватанпарварлик туйғусини шакллантиришга хизмат қилади. Шунингдек, боғ ҳудудида янги ҳунармандчилик маркази ва замонавий кутубхона ҳам ташкил этилган.
Шундан сўнг меҳмонлар Термиз шаҳрида барпо этилган Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасини бориб кўрди.
Тинчлик маҳалласи ҳудудидаги 2 гектар майдондаги биноларда жами 42 та лойиҳа жойлаштирилган. Улар қурилиш материаллари, кимё ва нефть-кимё, мебелсозлик, озиқ-овқат, тўқимачилик саноатига тааллуқли. Биноларни харид қилиш, ускуналар олиб келиш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг имтиёзли кредитлари ажратилади. Барча корхоналар ишга тушгач, 500 дан ортиқ иш ўрни яратилади.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази биносида ташкил этилган ўқув семинарида 2023 йилда Сурхондарё вилоятида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, битирувчи ёшлар ва ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш, “Ёшлар дафтари”да турувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда 2024 йилда қилиниши режалаштирилаётган ишлар муҳокама этилди.
Ўқув семинар иштирокчиларига Сурхондарё вилояти намунаси асосида “Ёшлар омбор дафтари” бўйича тушунчалар берилди.
Семинарнинг сўнгги манзили Термиз шаҳрида узоқ йиллар эътибордан четда қолган “Бобур” боғи негизида бунёд этилган “Ёшлар сайилгоҳи” бўлди. Президентимиз раислигида шу йилнинг 11 апрель куни ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳага доир қатор масалаларга эътибор қаратилиб, ҳудудларда ёшлар сайилгоҳлари ва ижод кўчалари ташкил қилиниши лозимлиги таъкидланган эди.
Мазкур ташаббус доирасида Термиз шаҳридаги эскирган боғ ўрнида ёшлар учун замонавий сайлгоҳ бунёд этишга киришилди. Ўтган қисқа даврда қарийб уч ярим гектар ҳудудда йирик қурилиш–ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. Бу жараёнда фаол ёшларнинг ташаббус ва таклифлари ҳам инобатга олинди. Лойиҳа доирасида 700 ўринли амфитеатр, учта залдан иборат 147 ўринли кинотеатр, 500 ўринли умумий овқатланиш шохобчаси, мусиқали фаввора, турли аттракционлар, болалар майдонлари қурилди. Эндиликда бу ерда бунёд этилган мингдан ортиқ китоб фондига эга “Book Cafe”, ўттиз ўринли киберспорт ҳудуди ёшларнинг севимли масканларидан бирига айланади.
Сайилгоҳнинг очиқ майдонларида шахмат-шашка, стол тенниси мусобақалари ўтказиш учун барча шароит яратилган. Яъни, бу жой оила ёки дўстлар даврасида мазмунли дам олиш учун қулай масканлардан бирига айланди.
Сайилгоҳ ишга туширилиши билан 100 кишининг бандлиги таъминланди. Шунингдек, янги қиёфада бўй кўрсатган боғда мавжуд дарахтлар парваришига ҳам эътибор кучайтирилди. Ҳудудга уч ярим минг туп турли дарахт кўчати экилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА