Ёшлар билан ишлаш, жамиятдан ажраб қолган, ҳаётда ўз ўрнини тополмаётган, бузғунчи ғоялар таъсирига тушган ёки ҳаётнинг нотўғри кўчаларига кириб қолганларни фаол ҳаётга қайтариш ўзини шу юрт фарзанди санаган ҳар биримизнинг муҳим вазифамиз ҳисобланади.
Президентимизнинг 2024 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида алоҳида ишлаш талаб этиладиган ёшларни масъул раҳбарларга бириктириш амалиётини жорий этиш вазифаси белгиланган.
Бугунги кунда Наманган вилоятида истиқомат қилувчи 3 миллион 15 минг 167 аҳолининг 1 миллион 424 минг нафари ёки 22,3 фоизи 30 ёшгача бўлганларни ташкил этади. Айниқса, улар орасида уюшмаган, яъни аниқ машғулот турига эга бўлмаган ёш авлод билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият юритувчи ёшлар етакчилари томонидан жорий йил аввалида хатлов ўтказилиб, 652 минг 879 нафар ўғил-қиз “Ёшлар баланси”га киритилди. 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг ижтимоий аҳволи, қобилияти ва қизиқиши ўрганилиб, улар уч тоифага ажратилди.
Бунда яхши ўқиётган, тадбиркорликни йўлга қўйган, расмий секторда ишлайдиган, қобилияти бор, ижтимоий фаол бўлган 372 минг 59 нафари “яшил” тоифага, турмуш тақозоси билан расмий сектордан иш топа олмаган, лекин, иқтисодий фаол 280 минг 591 нафари “сариқ” тоифага, давлатнинг ғамхўрлиги ва эътиборини кутаётган ҳамда кўмакка муҳтож 9 минг 758 нафари “оғир” тоифага ажратилган.
Бундан ташқари вилоятдаги 8 минг 246 нафар ёш жами 371 нафар раҳбарга оталиққа бириктирилди. Ҳар бир ташкилот бошлиғига шаҳар ва туманлардаги ёшлар билан шахсан манзилли учрашиш, индивидуал ишлаган ҳолда, мавжуд муаммо ва таклифларни ўрганишларига эътибор қаратишлари белгилаб берилди.
Бу борада ҳозирга қадар олиб борилган ишлар натижасида, 2 минг 463 ёш томонидан 2 минг 833 муаммо ва таклиф билдирилиб, шуларнинг 2 минг 724 таси, бошқача айтганда 96,2 фоизи ижобий ҳал этилган.
Таъкидлаш жоизки, 50 нафардан эътиборга муҳтож ёш бошқа масъул ташкилотлар раҳбарлари қаторида олий таълим муассасалари ректорларига ҳам бириктирилди. Жумладан, Наманган давлат университети ректорига Поп туманида истиқомат қилувчи 52 нафар ёш (шундан 13 нафари аёл-қиз, 39 нафари ўсмир) бириктирилган. Бу ёшлар билан йил давомида манзилли, аниқ мезонлар асосида иш ташкил этилди. Аввало, ректор номидан бириктирилган 52 ёшга мактуб жўнатилиб, уларнинг муаммо ва қийинчиликларини ўрганиш ҳамда уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида олти бор “Университет ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.
Тумандаги Водий, Тошқўрғон, Янгиобод ва Бирлашган маҳаллаларида “оғир” тоифадаги ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича тизимли ишлар ташкил этилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг апрель ойида университет ректори, профессор Собитхон Турғунов бошчилигида эътиборга муҳтож ёшлар билан бўлиб ўтган мулоқотда бириктирилган ўғил-қизларнинг ижтимоий ҳолати, яшаш шароитлари, қизиқиш ва мақсадлари ўрганилган ҳолда, “Йўл харита” ишлаб чиқилганди.
Ҳозирги кунга қадар бириктирилган ёшлар билан ўндан ортиқ юзма-юз учрашиб, суҳбатлашилди. Учрашувларда эртамиз эгалари томонидан билдирилган муаммолар қисқа муддатларда ҳал этиб берилди. Университет раҳбарияти ташаббуси билан 24 та асбоб-ускуна ва жиҳоз олиб бериш, иккита моддий ёрдам, учта бошқа йўналишдаги муаммоли масала ижобий ҳал этилди.
Жорий йилнинг сентябрь ва октябрь ойларида ҳам Келачи ва Ифтихор маҳаллаларига навбатдаги ташрифлар чоғида ёшларнинг муаммолари ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, уларга турли хил жиҳозлар топширилди.
Масалан, Ифтихор маҳалласида яшовчи ёшлардан Муҳаммадбобур Улканбоевга карчер аппарати, Тоҳиржон Раҳимовга қурилиш анжоми, Фурқат Абдураҳмоновга бокс чарм қўлқопи, Дилнура Шариповага замонавий ноутбук, Одина Алиевага ҳам Поп маиший хизмат кўрсатиш коллежига ўқишга киргани учун ноутбук, Заҳрохон Ҳабибуллохоновага тикув машинаси тақдим этилди.
Ўз навбатида, Келачи МФЙ ёшлари бўлган Хушнуд Ёқубов, Отабек Қодиров, Зарнигор Пўлатова, Исломжон Қодиров, Ҳусанбой Камолиддинов, Саодат Ёқубова, Шаҳбоз Ҳакимов ва Сурайё Иброҳимоваларга замонавий ноутбуклар тақдим этилди. Мадина Ғаниевага қизиқиши ва келгуси режаларидан келиб чиқиб тикув машинаси, Хуршидхўжа Шермуродовга сартарошлик анжоми, Ҳусанбой Қодировга вентилятор, Ғайрат Мамадалиевга устачилик билан шуғулланиши учун пайвандлаш аппарати берилди.
– “Ёшлар баланси” асосида раҳбарларга бириктирилган, ижтимоий аҳволи оғир деб топилган ёшларнинг аксарияти бугун жамиятнинг фаол аъзосига айланмоқда, – дейди Наманган давлат университети ректори, профессор Собитхон Турғунов. – Аниқроқ айтганда, ёшлар билан мунтазам ишлаш, тегишли фанлардан тушунтиришлар олиб бориш ва фанлар бўйича тарқатма материаллари билан таъминлаш натижасида, олийгоҳимиз кўмагида уч нафар ёш олий таълим муассасаси талабаси бўлишга эришди. “Оғир” тоифада турувчи ёшларимиздан Хушнуд Ёқубов Тошкент ирригация ва мелиорация университети, Отабек Қодиров Наманган муҳандислик-қурилиш институти, Зарнигор Пўлатова Наманган халқаро кимё университети, Ҳусанбой Камолиддинов Поп касб-ҳунар мактабига ўқишга кирди. Эндиликда, уларнинг ҳаётда ўз мақсади ва тўғри танланган йўли бор.
Оталиққа олинган ёшларнинг қизиқишларини инобатга олган ҳолда, университет қошидаги “Мустақил таълим маркази”да чет тили курслари ва турли тўгаракларда иштирок этишлари йўлга қўйилди.
Эътиборлиси, амалга оширилаётган бу каби хайрли ташаббуслар ижроси навқирон авлоднинг фаол бўлмаган қатламини жамиятга қайтариш бўйича катта қадам бўлади. Ёш авлод камолоти масаласидаги олдимизга қўйилган вазифаларни ўз вақтида, сифатли бажариш орқали ислоҳотлар самарадорлиги натижаси ҳар бир ёшнинг ҳаётида акс этади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири