Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси раиси Қаҳрамон Қуронбоев Қорақалпоғистон Республикасига келди.
Ташриф доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини кучайтириш, муаммоларни аниқлаб, жойида амалий ечимлар бериш мақсадида Республика комиссияси аъзолари ўрганиш ишлари якуни юзасидан йиғилиш ўтказилди. Унда ёшлар бандлиги, ижтимоий ҳимоя, тадбиркорлик, бўш вақтни мазмунли ташкил этиш каби масалалар муҳокама қилиниб, масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш комиссияси раиси Қаҳрамон Қуронбоев Нукус шаҳридаги “IT -Парк” фаолияти билан танишди. У ерда Президентнинг 2024 йил 5 апрелдаги “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда жорий йил 14 февралдаги “Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларига асосан ер ва кредит олган ёшлар, шунингдек, стартап лойиҳалари устида ишлаётган иқтидорли ёшлар билан учрашди. Очиқ мулоқот давомида ёшларнинг ташаббус ва муаммолари тингланди.
Нукус шаҳридаги “Ойдин йўл” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи, ҳарбий қисмга бириктирилган ёш — Назира Жақсимуратованинг хонадонига ҳам борилди. Уйнинг бир қисми давлат кўмагида таъмирланиб, онаси доимий иш билан таъминлангани қайд этилди.
Шунингдек, Нукусдаги “Яшил боғ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Талабалар оромгоҳи” фаолияти ҳам ўрганилди. “Долзарб - 90 кун” доирасида ташкил этилган ушбу ҳудудда Нукус давлат педагогика институтининг дала амалиётини ўтаётган талабалар учун яратилган шароитлар кўздан кечирилди.
Амударё туманидаги маҳаллалардан бирида давлатимиз раҳбарининг “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ер олган ёш фермер билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Деҳқончилик фаолияти билан шуғулланаётган бу ёшнинг иш тажрибаси, муваффақияти ва эҳтиёжлари ўрганилди.
Мазкур ташрифлар давомида комиссия аъзолари ёшларнинг ҳаёти, орзулари, муаммолари ва давлат томонидан яратилган имкониятлар билан бевосита танишди. Ўрганишлар жараёнида амалдаги тизимга таҳлилий ёндашув асосида баҳо берилиб, мавжуд муаммоларга жойида ечимлар таклиф қилинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири