Жорий йилнинг 11-апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Президентимиз ёшлар бандлигини таъминлаш, сифатли таълим билан қамраб олиш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда соғлом фикрлашларига замин яратиш бўйича вазифалар белгилаб берди.
Маълумки, 2021-йилда 25 ёшгача бўлган ёшларни ишга олган корхоналарга ижтимоий солиқни қайтариб бериш амалиёти жорий қилинган эди. Бу имтиёздан ўтган даврда 9 мингдан зиёд корхона фойдаланди ҳамда 100 минг ишсиз ёшлар бандлиги таъминланди. Давлатимиз раҳбари бу ижобий тажриба муддатини яна икки йилга узайтириш бўйича кўрсатма берди.
Шунингдек, “Янги Ўзбекистон ёшлари ташаббуслари” жамғармаси ва электрон платформаси ташкил қилиниши белгиланди. Жамғармага 100 миллион доллар йўналтирилиб, бу маблағлар иқтидорли ёшларнинг энг яхши ғоя, стартап ва лойиҳаларига қулай ва енгил шартларда, зарур бўлса, фоизсиз ажратилади.
Бундан ташқари, IТ-парклар бўйича тажрибадан келиб чиқиб, ҳудудларда IТ-парк резидентларига берилган имтиёз ва енгилликлар қўлланилган ҳолда “Креатив парк”лар ҳам ташкил этилади.
Жамиятимиздаги 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг ижтимоий аҳволи, қобилияти ва қизиқишлари ўрганилиб, улар 3 тоифага ажратилди. Бунда яхши ўқиётган, тадбиркорлигини йўлга қўйган, расмий секторда ишлайдиган, қобилияти бор, ижтимоий фаол бўлган 4,4 миллион ёш “яхши” тоифага, турмуш тақозоси билан расмий сектордан иш топа олмаган, лекин иқтисодий фаол 4,6 миллион ёш «ўрта» тоифага, давлатнинг ғамхўрлиги ва эътиборини кутаётган ҳамда кўмакка муҳтож 396 минг нафар ёш “аҳволи оғир» тоифага ажратиб олинди.
Учинчи тоифадаги 50 нафардан эътиборга муҳтож ёш ҳар бир вазир, вазир ўринбосарлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, олийгоҳ ректорлари, Миллий гвардия ва ҳарбий қисм командирларига номма-ном бириктирилиб, улар билан манзилли, аниқ мезонлар асосида иш ташкил этилиши бошлаб юборилди.
Эндиликда, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар асосий эътиборини «ўрта» тоифага кирган 4,6 миллион ёш билан ишлашга қаратиши лозимлиги таъкидланди.
Ёшлар билан ишлаш ҳаёт-мамот масаласидир. Шунинг учун мамлакатимизда ёшларни баркамол этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фарзандларимизни бугунги таҳликали даврда турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимоялаш, ёшларнинг фикрларини бировлар эгалламасдан туриб, уларга ўзимиз ғамҳўрлик ва тўғри йўл кўрсатишимиз зарур.
Президентимиз раислигида ёшлар сиёсати бўйича ўтказилган йиғилиш Ўзбекистоннинг барча ёшларига, шу жумладан, ёшларнинг фаол бўлмаган қатламини жамиятга қайтариш бўйича катта қадам бўлди. Йиғилишда қўйилган вазифалар ёшларнинг маҳалладаги вакили сифатида менинг ҳам зиммамга кўпгина масъулиятни юклади.
Жумладан, эндиликда, ёшлар билан индивидуал ишлашни жадаллаштириш, жамиятдан ажраб қолган, ҳаётда ўз ўрнини тополмаётган, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган ёшларни фаол ҳаётга қайтариш олдимиздаги энг муҳим вазифа бўлиб турибди.
Белгиланган йўналишлардан келиб чиқиб, фаолият юритаётган маҳаллам ҳудудидаги бандлиги таъминланмаган давлатнинг ғамхўрлиги ва эътиборини кутаётган ҳамда кўмакка муҳтож ёшлар билан алоҳида иш ташкил этиб, уларни касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлашни режа қилиб олдим. Шунингдек, маҳалладаги ёшлар ўртасида маънавий-маърифий ва ватанпарварлик руҳидаги тадбирлар, ёшлар сайллари ташкил этиш бўйича янги дастур ишлаб чиқдим.
Ёшлар масаласидаги олдимизга қўйилган вазифаларни ўз вақтида, сифатли бажариш орқали ислоҳотлар самарадорлиги натижасини ҳар бир ёшнинг ҳаётида кўрсатишимиз мумкин бўлади. Бу билан ёшларнинг давлатимиз томонидан қилинаётган ғамхўрликларни ҳис қилишига ва фаол ҳаётга кириб боришига эришамиз.
Жаҳонгир Носиров,
Олмазор туманидаги «Чилтўғон» маҳалла ёшлар етакчиси.