Ёшлар бандлиги – долзарб масала
АОКАда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фахриддин Ҳайитов иштирокида “Ёшлар бандлиги дастури” доирасида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Таъкидланишича, ушбу дастур ёшларни касбга тайёрлаш ва бандлигига кўмаклашиш мақсадида вазирлик тасарруфидаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ишлаб чиқилган. Ўрта тоифадаги ёшлар бўйича намунавий “Йўл харита”си тайёрланиб, ҳудудларга ижро учун етказилган.
Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра, “Ёшлар бандлиги дастури” ижроси бўйича туман (шаҳар) Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклаш бўлимлари ва Ёшлар ишлари агентликларининг ҳудудий бўлимлари ҳамкорлигида жами 342 минг нафардан зиёд ишсиз ёшларга бандликка кўмаклашиш ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш бўйича хизматлар кўрсатилди.
110 минг 200 нафар ёшлар корхона ва ташкилотлардаги бўш (вакант) ва квота иш ўринларига ишга жойлаштирилди. Уларнинг 19 минг 700 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди. 55 минг 600 нафар ёшлар касб-ҳунарга ўқитилди.
Жорий йилнинг шу даврига қадар Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармасидан 46 минг 73 нафар ишсиз ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун 212 млрд. сўм, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан 946 та иш берувчи корхонага 4 минг 370 нафар фуқарони ишга қабул қилганлиги учун 19 ярим млрд. сўм миқдорида субсидия маблағлари ажратилди.
121 минг 500 нафар ёшларга 2 миллиард 650 минг сўм оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ягона электрон платформа орқали имтиёзли кредитлар ажратилди. 17 минг 100 нафар ёшларга 7 минг гектардан ортиқ ер майдони узоқ муддатларга ижарага берилди. 12 минг нафарга яқин ишсиз ёшлар ижтимоий ҳимояга олиниб, уларга ишсизлик нафақаси тайинланди. Чет элда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган 9 минг 203 нафар фуқаро хорижий давлатларга ташкилий тарзда юборилган.
Бундан ташқари, 2023 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, муддатли ҳарбий хизматни ўтаган 24 минг 452 нафар шахслардан 1 минг 293 нафари ҳарбий қисмда қолиб шартнома асосида хизматни давом эттирмоқда. Хизматдан қайтган ҳарбий хизматчиларнинг 11 минг 911 нафарини доимий ишларга жойлаштириш орқали бандлиги таъминланиб, шундан 2 492 нафари олий ва олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган.
Шунингдек, 2 минг 797 нафар ёшлар қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ҳужжат топширган. Муддатли ҳарбий хизматдан қайтган ёшларнинг 5 минг 70 нафари бугунги кунда норасмий банд ҳисобланади. Ушбу ёшларнинг 749 нафари касб-ҳунарга тайёрлаш марказларида қисқа муддатли курсларда ўқитилиб, бандлиги таъминланган. Ишсиз ёшларнинг 1 минг 69 нафари чет элга чиқиб кетиши, вафот этиши ва бошқа қатор сабабларга кўра, ҳисобдан чиқарилган.
Ш.Маматуропова, ЎзА