Ёш журналистларга оқ йўл тиланди
Самарқанд вилояти Матбуот уйида оммавий ахборот воситалари учун кадрлар тайёрлаш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда вилоятдаги газеталар, телевидение, радио ва интернат сайтлар муҳаррирлари ва ижодий ходимлари, талаба- ёшлар иштирок этди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов соҳани ривожлантириш учун давлатимиз томонидан яратилаётган шароит ва имкониятлар, жамиятда сўз эркинлиги ва ахборот олиш кафолатларини таъминлаш, журналист кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларга тўхталди. Ушбу йўналишларда хорижий давлатлар тажрибаси ҳақида сўз юритилди.

Самарқандлик журналистлар журналист кадрлар тайёрлашда таҳририятлар билан яқин ҳамкорликда ишлаш, газеталар моддий-техника базасини мустаҳкамлашда муассис масъулиятини ошириш, замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланиш юзасидан ўз фикрларини билдирдилар, бир қатор ташаббуслар илгари сурилди.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳузуридаги “Журналистик маҳорат мактаби” тингловчиларига сертификат топширилди.
Маҳорат мактабининг навбатдаги тингловчиларига 6 ой давомида вилоят газеталари ва телерадиокомпаниясининг тажрибали журналистлари “Устоз-шогирд” анъанаси асосида дарс берди.

Машғулотларда миллий матбуотимиз тарихи ҳамда бугунги журналистика ҳақида сабоқ берилди. Курс давомида тингловчилар томонидан махсус “Зиё” ўқув газетаси тайёрланди.
– Самарқанд давлат университетининг филология факультети ноширлик иши йўналишида таҳсил оламан, – дейди Гўзал Хуббимова. – Журналистикага қизиққаним учун маҳорат мактабига қатнадим. Бу ердаги амалий сабоқларимиз университетда олган назарий дарсларимиз билан уйғунлашиб, журналистика нима эканлигини англадик.
Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига қабул қилинган ижодкорларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари