Коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланди. Буни сўнгги йилларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупцияни олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Энг аввало, шуни таъкидлаш жоизки, коррупцияга қарши курашнинг сифат ва сон жиҳатдан мутлақо янги даражага кўтарилиши Президентимизнинг сиёсий иродаси маҳсулидир. Жумладан, давлат раҳбарининг жамиятни “ҳалоллик вакцинаси билан эмлаш” зарурияти ҳақидаги фикрлари бу борадаги ишларга қўйилган тамал тоши десак, асло муболаға бўлмайди.
Таъкидлаш жоиз, коррупцияга қарши курашишнинг энг асосий йўли давлат органлари фаолияти ва иш жараёнлари шаффофлигини ошириш, ишга қабул қилиш, давлат харидлари, рухсатнома ва лицензиялар бериш каби жараёнларда очиқ-ошкораликни таъминлашдир.
Президентимизнинг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида” ги фармонида ҳам коррупцияга қарши курашишга алоҳида эътибор қаратилган. Стратегияда 5 устувор йўналиш бўйича 100 муҳим мақсад ўз аксини топган. Таъкидлаш жоизки, стратегия ўз ичига барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш, аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш, мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш каби асосий ғояларни ўз ичига олган.
Мазкур йўналишлар доирасида келгуси етти йилда иқтисодиёт ҳажмини икки баробарга ошириш, хусусан, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард доллар, аҳоли жон бошига даромадларни 4 минг долларга етказиш, макроиқтисодий барқарорлик ҳамда иқтисодий ривожланишни зарур даражадаги энергетика, сув ва инфратузилма ресурслари билан таъминлаш, мамлакатда қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш мақсад қилинган.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатимиз ривожининг муҳим фундаментал асосларини ўзида қамраб олган бўлиб, бир қатор устувор вазифаларни белгилаб берди. Муҳими, мазкур ҳужжат халқаро ҳамжамият олдида давлатимиз мавқейи ва обрўсини янада мустаҳкамлашга, инсон қадрини улуғлашга хизмат қилади.
[gallery-13678]
“Ўзмиллийбанк” АЖга 2023 йилда ишга қабул қилинган ёш ходимлари учун “Коррупцияга қарши курашиш” мавзусида ўтказилган ўқув-семинарида шулар ҳақида сўз борди. Яқинда иш бошлаган ходимларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда бу борада уларнинг билим ва малакаларини ошириш мақсадида ташкил этилган семинарда банкнинг Бош офиси ва барча ҳудудий тузилмаларида фаолият юритаётган 400 нафардан ортиқ ходимлари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг Коррупцияга қарши курашиш илмий-таълим маркази катта прокурори Х.Турсунбеков томонидан иштирокчиларга мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш йўналишида олиб борилаётган давлат сиёсати, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” ги қонун ва қонуности ҳужжатларининг мазмун ва моҳияти хусусида тушунчалар берилди.
Коррупцияга қарши курашишда қонунчилик асослари, республикада коррупциянинг олдини олишга қаратилган ишлар, мавжуд камчиликлар ҳамда ташкилотлардаги ушбу йўналишдаги муаммолар ҳақида тўхталиб ўтилди. Коррупциянинг олдини олишда масъул ходимларнинг вазифалари бўйича маълумотлар берилди.
– Семинар давомида коррупцияга қарши курашиш йўналишида олиб борилаётган ишлар, ишлаб чиқилаётган ҳужжатлар, бу борада амалий ҳамкорлик масалалари хусусида тушунчага эга бўлдик, – деди банкнинг Ходимлар билан ишлаш департаменти биринчи тоифали мутахассиси Нигина Саидова. – Шунингдек, тадбир давомида нафақат банк соҳасида, балки, мамлакатимизнинг бошқа ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий фаолиятида коррупцияга қарши чора-тадбирларни чуқур таҳлил қилиб, уларни ўзимизнинг амалиётимизда қўллашни ўргандик.
Тадбирда банкнинг ёш ходимлари амалга оширилаётган кенг қамровли ва аниқ манзилли тарғибот-ташвиқот ишларида фаол иштирок этишлари лозимлиги уқтирилди ҳамда ижро этилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан амалий тажриба ва методик қўлланмалар асосида маслаҳатлар берилди.
Семинар якунида мавзу юзасидан савол-жавоблар ўтказилди.
Гулноза Бобоева, Даврон Эрназаров(сурат), ЎзА