Ёш теннисчилар “Маҳалла кубоги”да беллашди
Наманганда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ташаббуси билан 13-16 ёшли ўсмир йигит ва қизлар ўртасида ташкил этилган стол тенниси бўйича Республика турнирининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур анъанавий мусобақада шаҳар ва туманлар босқичларида сараланган ўттизга яқин ёш спортчилар микст йўналишида беллашди.
– Вилоятимизда ёш ўғил-қизларни спортга қизиқтириш асносида стол тенниси билан шуғулланишлари учун барча шароитлар яратилмоқда. Бунинг учун замонавий спорт мажмуаларида зарур жиҳозлар мавжудлиги эътиборга молик, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бош мутахассиси Жобирхон Шокиров. – “Маҳалла кубоги” мусобақалари шуни кўрсатдики, маҳаллалардан етишиб чиқаётган иқтидор соҳиблари ана шу спорт секцияларига жалб этилиб, ўз маҳоратини намоён қилишига катта туртки бермоқда. Бу борада оммавий спорт мусобақалари алоҳида ўрин тутади.

Мусобақанинг ҳар бир учрашуви ўзига хос рақобат руҳида ўтди, натижада рақибларидан абжирлиги билан ажралиб турган Янгиқўрғон ва Давлатобод ҳамда Тўрақўрғон ва Чуст тумани жамоалари ярим финалда тўқнаш келишди. Ушбу қарама-қаршиликларда устун келган Чуст ва Давлатобод туманлари “Маҳалла кубоги”нинг вилоят босқичи ғолиблиги учун курашди.

Финал ўйинида зафар қучган чустликлар мусобақанинг Республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. Давлатободлик ёш теннисчилар иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Тўрақўрғон ва Янгиқўрғон жамоалари фахрли учинчи поғонадан жой олди.
Ғолиб ва совриндор ёш ҳаваскор спортчиларга “Маҳалла” фонди Наманган вилояти бўлимининг диплом ҳамда эсдалик совғалари тақдим қилинди.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА