Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида “Орзулар паради” ўтказилди.
Параднинг очилиш маросимида Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов сўзга чиқиб, мазкур марказ мамлакатимиздаги спорт масканлари орасида алоҳида ўринга эга эканини таъкидлади. Марказ ўзининг узоқ йиллик фаолияти мобайнида кўплаб чемпионларни тарбиялаб, катта спорт оламига етаклаган. Ҳозирда эса ёш иқтидор эгалари учун замонавий шароитлар яратилиб, уларнинг катта спортга қадам қўйишида муҳим ўрин тутиши ҳақида тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг, Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази спорт бўлимлари жамоаси “Орзулар паради”ни бошлади. Жамоалар марказдаги стадион узра мардонавор чиқиш қилди ҳамда майдон узра саф тортди.

Марказда 24 та спорт иншооти бор. 20 та олимпия, 2 та миллий, 1 та ноолимпия ҳамда 5 та паралимпия спорт турлари бўйича 107 нафар тренер-ўқитувчи фаолият юритади. Шунингдек, марказда жами 637 нафар ўқувчи-спортчилар бор. Марказ спортчилари эришган натижалар ҳақида гапирадиган бўлсак, республика мусобақаларида 371 нафари, Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионати ва кубокларида 63 нафари ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олган.

Ўтган 9 ой давомида марказда мавжуд спорт турларидан жами 426 та мусобақа ва ўқув машғулот йиғинларида марказ ўқувчи-спортчиларининг иштироки таъминланди. Шунингдек, уларнинг билимини янада ошириш мақсадида мутлақо бепул бўлган рус тили ва инглиз тили тўгараклари ташкил этилди.

Жорий йилда Республика Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бир қатор янги иншоотлар қад ростлади. Жумладан, марказ ҳудудида 4 қаватли, 300 ўринли, барча замонавий талабларга жавоб берадиган ўқувчилар турар жойи қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, марказнинг “Тиббиёт бўлими” янгидан барпо этилди ва зарур жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди.

Бундан ташқари, 2024 йилда “Open Budget” лойиҳаси доирасида ажратилган маблағлар ҳисобига 40х20 ўлчамдаги сунъий қопламали икки замонавий футбол ҳамда "Workout" майдончаси қуриб, фойдаланишга топширилди.
Дарвоқе, Марказда ўтказилган “Орзулар паради” маросими сўнггида турли йўналишларда энг яхшилар муносиб тақдирланди ҳамда санъаткорлар иштирокида концерт дастури бўлиб ўтди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА