Ёш спортчилар баҳслашди
Мамлакатимиз аҳолисининг турли қатлами, хусусан, ёшлар ўртасида оммавий спортни янада ривожлантириш, улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бир сўз билан айтганда, спорт биз учун қалб эҳтиёжи, руҳий кайфият тантанасига айланади. Коронавирус пандемияси шароитида соғлом турмуш тарзи нақадар муҳим эканлиги янада яққол намоён бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада дастуриламал бўлмоқда.

“Спортни сев, спорт билан яша!” шиори остида Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Хоразм вилоят бўлими бошқаруви ҳамда Хива шаҳар 121-сон кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернати билан ҳамкорликда ўтказилган шахмат, шашка ва армрестлинг бўйича очиқ биринчилиги ҳам ана шу эзгу мақсадга қаратилди.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди соврини учун ўсмирлар ва қизлар ўртасида ўтказилган мазкур мусобақада 2007-2009 йилларда туғилган ёш спортсеварлар ҳамда 2002-2004 йилларда туғилган ҳаваскор спортчилар армрестлинг бўйича ўзаро баҳс олиб борди.

Тадбир якунида мусобақа ғолиб ва совриндорларига “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Хоразм вилоят бўлими бошқаруви томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА