Андижон вилояти Марҳамат туманидаги Эркин Воҳидов номидаги шахмат мактабида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Таълим гроссмейстрлари” шахмат мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур мусобақа Президентимизнинг жорий йил 14 январдаги “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилди.
Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган «Таълим гроссмейстерлари» мусобақасида 18 минг нафардан зиёд мактаб ўқувчилари иштирок этди.
– Мазкур мусобақа шахмат бўйича юзлаб янги иқтидорларни кашф этди, – дейди Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов. – Уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, умуман, шахматни янада оммалаштириш мақсадида ўтказилган мусобақа иштирокчилари орасидан келгусида мамлакатимиз шахмат юлдузлари етишиб чиқишига асло шубҳа йўқ.
[gallery-2034]
Шу ўринда таъкидлаш керакки, вилоятда болалар ва ёшлар ўртасида шахматни ривожлантиришга қаратилган ишлар ўз самарасини бермоқда. Масалан, яқинда бўлиб ўтган мамлакат чемпионатида Андижон шаҳридаги 48- умумтаълим мактаби ўқувчиси Абдуқодир Баҳодиров 11 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида 1-ўринга, 7 ёшли шахматчилар ўртасида Балиқчи туманидаги 36-умумтаълим мактаби ўқувчиси Рухшона Илҳомжонова 3-ўринга сазовор бўлди. Уларнинг ҳар иккаласи ўз ёш тоифасида жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
«Таълим гроссмейстерлари» мусобақаси вилоят босқичида мусобақанинг туман, шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 186 нафар ўқувчи 6 та ёш тоифасида ғолиблик учун ўзаро баҳслашди.
Якуний натижаларга кўра, ғолибликни қўлга киритган 36 нафар бўлажак гроссмейстер мусобақа ташкилотчилари томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА