“Ёш қутқарувчи”лар муносиб тақдирланди
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ёшларда қутқарувчилик касбига қизиқишни уйғотиш ҳамда уларнинг фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш кўникмаларини ошириш мақсадида жойларда “Ёш қутқарувчи” кўнгиллилар клублари ўртасида спорт мусобақалари ўтказилмоқда.
Олмалиқ кон-металлургия комбинатига қарашли футбол ўйингоҳида ана шундай тадбирлардан навбатдагиси бўлиб ўтди.

Унда мактаб ва касб-ҳунар коллежи ўқувчиларидан иборат 24 жамоа фавқулодда вазиятларга оид саволларга жавоб бериш, тез-тиббий ёрдам кўрсатиш, осилган ҳолда 6 метрлик масофани қутқарув арқони ёрдамида босиб ўтиб чодир (палатка) қуриш, қутқарувчининг ҳаракатларини бажариш ҳамда қутқарув асбоб-анжомларидан фойдаланиш ва ёнғин ўчириш эстафетаси йўналишлари бўйича ўзаро беллашди.

Якуний натижаларга кўра, коллеж ўқувчилари ўртасида 1-ўринни Оҳангарон тумани, 2-ўринни Чиноз тумани ва 3-ўринни Ангрен шаҳар жамоаси қўлга киритди. Мактаблар бўйича эса 1-ўринга Олмалиқ шаҳар жамоаси сазовор бўлди. 2-ўрин Оҳангарон тумани ҳамда 3-ўрин Тошкент тумани жамоаларига насиб этди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорларига диплом ва эсдалик совғалари берилди.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА