Ёш олимлар нималарни муҳокама қилди?
Пойтахтимизда “Замонавий санъат муаммолари ва истиқболли масалалари ёш олимлар нигоҳида” мавзусидаги республика илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Ўзбекистон Бадиий академияси марказий кўргазмалар залида ташкил этилган ушбу анжуманга нафис санъат, меъморчилик, театр, кино, рақс, мусиқа сингари йўналишларда изланаётган ёш олимлар таклиф этилди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда илм-фан аҳли, хусусан, ёш олимлар, тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг изланиши учун зарур шароит ва имкониятларни яратиш, моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2019 йил 30 августдаги “Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони бу борадаги ислоҳотларда муҳим асос бўлмоқда.
Замонавий Ўзбекистон санъатига бағишланган илмий тадқиқот ишлари, фандаги илғор тажрибага асосланган инновацион лойиҳаларни амалга оширишда ёш олимлар иштироки тобора ортмоқда. Бу жараён соҳага кириб келаётган истиқболли ёш мутахассисларни илмий фаолиятга йўналтириш, улар учун мавжуд шароит ва имкониятлар кўламини тобора кенгайтириш масаласи долзарб эканини кўрсатмоқда. Тасвирий ва амалий безак санъати, архитектура, театр, кино, мусиқа, рақс санъатига оид долзарб мавзуларни ёш санъатшунослар учун тадқиқот марказига айлантириш ғоят муҳимдир. Бу эса илмий фаолият кўламининг кенгайиши ва жадаллашувига олиб келади.
Президентимизнинг юқорида номи келтирилган қарорида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан Ўзбекистон Фанлар академияси Санъатшунослик институти Ёш олимлар кенгаши ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси Санъатшунослик шўъбаси томонидан ташкил этилган “Замонавий санъат муаммолари ва истиқболли масалалари ёш олимлар нигоҳида” мавзусидаги республика илмий-амалий анжумани ёш санъатшунос тадқиқотчилар учун муҳим илмий-назарий тажрибалар, фандаги ютуқлар, мавжуд долзарб масалаларни муҳокама этиш, ўзаро фикр алмашиш, соҳа ривожи учун зарур илмий хулосалар белгилаш имконини бергани билан аҳамиятлидир.
Анжуманда тасвирий ва амалий санъат, меъморчилик, театр, кино, рақс, мусиқа сингари санъатнинг кўплаб соҳаларига оид маърузалар муҳокама этилди. Бу эса бугунги бадиий ва маданий жараёнда юз бераётган ўзгаришлар – ижодий изланишлар, янги асарлар юзасидан фикр юритиш, ушбу жараённи таҳлил этиш учун айни муддао бўлди. Шу билан бирга конференция санъатшунослик соҳасида устоз-шогирд анъаналарини янада ривожлантириш, ёш илмий тадқиқотчилар, докторантларни қўллаб-қувватлаш, соҳа ижодкорлари ва назариячилар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш учун яхши имконият бўлди, дейиш мумкин.
Н.Усмонова, ЎзА