
Эътироф
Бухоронинг фарзанди, “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендианти Фармон Асадов айни пайтда Буюк Британиянинг Топ-10 олий таълим муассасалари қаторидан ўрин олган Lankaster университетида “Ўзбекистон текстил ва тўқимачилик саноатига халқаро брендларни жалб қилиш жараёнида таъминот занжири барқарорлигини таъминлашнинг муаммолари ва истиқболлари” мавзусида докторлик тадқиқотлари олиб бормоқда.
Фармон Асадовнинг илмий мақоласи, нуфузи бўйича “Financial Times” Топ-50 тадқиқот журналлари рейтингида биринчи ўринда турувчи Academy of Management Journal томонидан ташкил этиладиган 85 йиллик конференцияга қабул қилинди.

Мазкур нуфузли анжуман жорий йилнинг 25 – 29-июль кунлари Даниянинг пойтахти Копенгагенда бўлиб ўтиши режалаштирилган бўлиб, унда ўзбекистонлик ёш олим минглаб дунёнинг етакчи олимлари ҳамда тадқиқотчилари қаршисида ўз илмий иши доирасида мақоласини тақдим этиши кутилмоқда. Бу, шубҳасиз, катта ютуқ ҳисобланади.
Фармон Асадовнинг тадқиқоти Ўзбекистон текстил ва тўқимачилик саноатига халқаро брендларни жалб қилиш орқали Экспорт салоҳиятини кенгайтириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни глобал стандартларга мослаштириш, “Made in Uzbekistan” брендининг халқаро миқёсдаги нуфузини мустаҳкамлаш каби бир қатор устувор мақсадларни ўз ичига олади. Шунингдек, бу йўналиш иқтисодиётимизда инновацион ёндашувларни ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратишда ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Шуни таъкидлаш жоиз, Фармон Асадов 2024 йилнинг 29 июнь – 3-июль кунлари Испаниянинг Барселона шаҳрида бўлиб ўтган, ҳар йили Европа операцион бошқариш ассоциацияси (EurOMA) томонидан ташкил этиладиган ва операцион менежмент соҳасидаги энг йирик ҳамда нуфузли халқаро конференциялардан бири бўлган анжуманда ҳам муваффақиятли иштирок этган эди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.