Ёш мутахассислар завод фаолияти билан танишди
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида “Oʼzbekneftgaz” АЖ таркибига кирувчи корхоналарнинг ёш мутахассислари учун экскурция ташкил этилди. Ёшлар Қоровулбозор туманидаги корхонадаги ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишди.
Корхона масъуллари ёшларга нефтни қайта ишлаш ва ундан маҳсулот тайёрлашнинг ҳар бир босқичи хусусида батафсил маълумот берди. Нефть маҳсулотлари сифатини таҳлил қилувчи лабораториялар, қуйиш-тўлдириш эстакадасига саёҳат иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Маданият саройи ва завод музейи билан танишишда ёш кадрлар завод тарихи ва маданий ҳаёти ҳақида батафсил маълумот олди. Касбий ривожланиш босқичлари ва унда аҳамият бериладиган жиҳатлар муҳокама қилинди. Жараёнда ёшлар билан ишлаш сиёсатига алоҳида эътибор қаратилаётгани баробарида “устоз-шогирд” анъанасига мувофиқ олиб борилаётган ишлар, касбий маҳорат ва иш унумини ошириш услуби, тренинглар ва таълим семинарлари дастурлари билан танишди.

Иштирокчилар заводда бораётган ишлаб чиқариш, инновациялар жараёни ва ҳар бир ходимнинг масъулияти хусусида атрофлича тасаввурга эга бўлди. Ёш кадрларнинг аксарияти заводда ташкил этиладиган амалиёт ва ўқув дастурларида қатнашиш истагини билдирди. Экскурция маданий тадбирлар, шаҳарнинг тарихий-меъморий обидаларга саёҳати билан давом этди.

“Oʼzbekneftgaz” АЖ ва унинг таркибидаги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи раҳбарияти ёшлар салоҳиятидан кенг фойдаланиш, уларнинг касбий ўсишини таъминлаш мақсадида турли ўқув дастурлари, амалиёт ва корпоратив тадбирларга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватламоқда. Бу эса келажак авлод кадрлари учун ўзига хос мактаб вазифасини ўташи шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.