Ёш мутахассислар билимларини синовдан ўтказди
11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан Тошкент вилоятида кенг кўламли тадбирлар ўтказилмоқда.
Хусусан, Нурафшон шаҳрида жойлашган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими кутубхонасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ёш ходимлари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди.


Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти Кенгаши ва “Заковат” ННТ билан ҳамкорликда ташкил этилган интеллектуал мусобақада Миллий гвардия Тошкент вилояти бўйича бошқармасининг “Ёш гвардиячилар”, вилоят давлат божхона бошқармасининг “Божхона билимдонлари”, вилоят мудофаа ишлари бошқармасининг “Темур ворислари”, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг “Қутқарувчилар”, вилоят адлия бошқармасининг “Адлия” жамоалари иштирок этди.


Тадбирни ЎзКУФ Тошкент вилояти Кенгаши раиси Сайёра Файзиева кириш сўзи билан очиб, иштирокчиларга омад тилади. Шунингдек, кенгаш раиси ўз сўзида касаба уюшмалари томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга яратилаётган имкониятлар ва имтиёзлар, уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида атрофлича маълумот берди.


Шундан сўнг иштирокчи жамоалар ташкилотчилар томонидан тайёрланган, турли соҳаларга оид 24 та мантиқий саволлар бўйича ўз билимларини синовдан ўтказди.
Қизиқарли савол-жавоблар, муросасиз баҳсларга бой ўтган ўйинда ғолиблик вилоят Адлия бошқармасининг “Адлия” жамоасига насиб этди. Иккинчи ва учинчи ўринларни эса, вилоят Божхона бошқармасининг “Божхона билимдонлари” ва Мудофаа бошқармасининг “Темур ворислари” жамоалари эгаллади.



Ғолиб ва совриндорлар эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, барча иштирокчиларга китоблар тўпламлари топширилди.
А. Мусаев, ЎзА.