Ёш матншуносларнинг IV Республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди
Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейида Nordik халқаро университети билан ҳамкорликда Ҳамид Сулаймон номидаги ёш матншуносларнинг IV Республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Анжуманда матншунослик ва манбашунослик йўналишидаги олимлар, ёш тадқиқотчилар, докторантлар ҳамда магистрантлар иштирок этди. Тадбирнинг асосий кун тартиби қўлёзма манбаларини ўрганиш, қайта тиклаш, табдил ва нашр этишнинг назарий-амалий масалаларига бағишланди.
Тадбирда адабиётшунос олим Султонмурод Олим ва бошқалар соҳа ютуқлари ҳамда тадқиқот усуллари бўйича маъруза қилди. Конференция доирасидаги йиғилишларда соҳани ривожлантиришга қаратилган замонавий технологиялар, инновацион ғоялар ҳамда истиқболли илмий лойиҳалар муҳокама қилинди.

Анжуман миллий маданий меросни асраш, илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ёш мутахассисларнинг салоҳиятини ошириш мақсадида ташкил этилди.
Айтиш керакки, ушбу конференция атоқли навоийшунос олимлар Абдуқодир Ҳайитметов таваллудининг 100 йиллиги ҳамда Муҳаммаджон Ҳакимов таваллудининг 90 йиллигига бағишланди.
Маълумотларга кўра, Абдуқодир Ҳайитметовнинг илмий фаолияти, асосан, буюк ўзбек шоири Алишер Навоий ижодини ўрганишга бағишланган. Заҳматкаш олим «Алишер Навоийнинг адабий-танқидий қарашлари» (1959), «Навоий лирикаси» (1961), «Навоийнинг ижодий методи» (1963), «Шарқ адабиётининг ижодий методи тарихидан», «Навоий даҳоси» (1970), «Ҳаётбахш чашма» (1974), «Навоийхонлик суҳбатлари» (1993) каби асарлари билан навоийшунослик фанини янги босқичга кўтарган.

Устоз 500 га яқин илмий мақола, монография ва рисолалар эълон қилди, «Ўзбек мумтоз адабиёти тарихи»нинг академик нашрини тайёрлашда раҳбар ва ҳаммуаллиф сифатида жонбозлик кўрсатди. «Алишер Навоий», «Абу Райҳон Беруний» каби ҳужжатли фильмларни яратишда фаол иштирок этди.
Домла ёш олимларнинг меҳрибон устози, яқин маслаҳатгўйи эди. Унинг раҳбарлигида 30 га яқин докторлик ва номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинди.
Устоз илмий фаолиятининг муҳим қисмини ўзбек мумтоз адабиёти тарихини яратиш билан боғлиқ ишлар ташкил этади. Унинг илмий раҳбарлиги ва бевосита иштироки асосида ўзбек тилида 5 жилдли (1977–1980), рус тилида 2 жилдли (1991–1992) «Ўзбек адабиёти тарихи» яратилди. Бундан ташқари, олим 4 жилдли «Ўзбек адабиёти» мажмуаси, 3 жилдли «Ўзбек поэзияси антологияси», Алишер Навоийнинг 15 ва 20 жилдли асарлар тўпламларини тузишда фаол иштирок этган. Навоийнинг «Ҳайрат ул-аброр» ҳамда «Фарҳод ва Ширин» достонларининг насрий вариантларини тайёрлаб нашр этган.

Таниқли навоийшунос ва матншунос олим, филология фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Ҳакимовнинг илмий фаолияти ўзбек адабий манбашунослиги, матншунослиги ва китобат санъати тарихини тизимли ривожлантиришда катта аҳамият касб этади. Унинг тадқиқотлари бой ёзма меросимизни асл ҳолида ўрганиш ва келажак авлодга етказишнинг назарий ҳамда амалий асосини ташкил этади.
Муҳаммаджон Ҳакимов буюк мутафаккир Алишер Навоий ижодини матн ва манбавий жиҳатдан тадқиқ этишга улкан ҳисса қўшган. Унинг «Навоий асарлари қўлёзмаларининг тавсифи» (1983) номли фундаментал каталоги Фанлар академияси Қўлёзмалар институти фондидаги Навоий қаламига мансуб 24 та асарнинг 254 та ноёб қўлёзма нусхасини илмий тавсифлаб берган. Бу каталог навоийшунос олимлар учун асосий манбавий қўлланма ҳисобланади.
Олим фақатгина матн устида ишламай, қўлёзмаларни кўчирган заҳматкаш хаттотлар, котиблар ва уларнинг ўзига хос мактабларини ҳам тадқиқ қилган. У китобат санъати тарихи ва қадимий қўлёзмалар палеографияси бўйича Ўзбекистонда етакчи мактаб яратган олимлардан биридир.
Унинг қаламига мансуб «Шарқ манбашунослиги луғати» (2013) соҳа мутахассислари учун ноёб қомусий манба бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу луғат қадимги қўлёзмалар, тарихий атамалар, географик ва биографик маълумотларни тўғри талқин қилишда адабиётшунос ва матншунослар учун муҳим қўлланмадир.
Муҳаммаджон Ҳакимов йиғма матн (критик матн) устида ишлашнинг қатъий матншунослик қоидаларини ишлаб чиққан. У қолдирган илмий мерос бугунги кунда олий таълим муассасаларининг филология ва шарқшунослик факультетларида асосий ўқув-услубий манба сифатида қўлланилмоқда.
Дарҳақиқат, олимлик мартабаси икки дунё саодатига тенгдир. Заҳматкаш олимларимиз қолдирган бой маънавий мерос илм йўлини ёритади, янги тадқиқотларга асос бўлади.
Н.Усмонова,
ЎзА