Ёш мақомчилар танлов-фестивали
Президентимизнинг 2020 йил 26 майдаги "Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида белгиланган топшириқлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 ноябрдаги “Мақом санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернатларни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Ёш мақомчи” республика танлов-фестивали ўтказилди.
Мамлакатимиз миқёсида кўтаринки руҳда ўтказилган мазкур танлов-фестивалининг тақдирлаш ва гала-концерти маросими Ўзбекистон давлат консерваториясида бўлиб ўтди.
Тақдирлаш маросимида маданият вазири ўринбосари О.Мирзаев иштирок этиб, ғолибларга эсдалик совғаларини топширди.
Танловда ўқувчилар хонанда ва созандалик бўйича 14та номинация бўйича ўз маҳоратларини намоён этди. Танлов-фестивалнинг ҳудудий саралаш босқичлари 2020 йилнинг декабрь ойида ҳар бир туман (шаҳар) ҳамда вилоятларда ўтказилди. Танловнинг ҳудудий босқичларида 18 мингдан ортиқ ўқувчи қатнашди.
Танлов-фестивалнинг якуний республика босқичида 107 нафар ўқувчи иштирок этди.Уларнинг маҳоратини одилона баҳолаш учун мақом санъатининг малакали мутахассислари, Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон халқ ҳофизи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар жамоасидан иборат ишчи гуруҳ жалб қилинди.
Ҳакамлар ҳайъатининг қарорига асосан 29 нафар ўқувчи танловнинг совриндори бўлди. Булардан 12 нафари биринчи ўринни, 9 нафари иккинчи ўринни, 8 нафари учинчи ўринни қўлга киритди.
Танлов ғолиблари мақом йўналиши бўйича ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактабларига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинади.
ЎзА