Бу йил Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг фармойишига кўра, Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек таваллудининг 120 йиллиги юртимизда кенг нишонланади.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ва Ойбек уй-музейи илмий ходимлари, шунингдек, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ўқитувчилари ҳамкорлигида “Ёш кўнгил. Ойбек – кеча ва бугун” номли тўплам нашр этилди.
Китоб икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмига Ойбекнинг асрлар чегарасидан ошиб, бугун ҳам севиб ўқилаётган шеърлари киритилган. Иккинчи қисмидан улуғ адиб ва шоир асарлари тадқиқига бағишланган монография ва мақолалар ўрин олган. Монография ва мақолалар муаллифи – филология фанлари доктори, профессор Улуғбек Ҳамдам.
Китоб билан танишиб чиққан ҳамюртларимиз Ойбек кечаги кун ижодкоригина эмас, балки бугун ва эртанги кунимиз учун ҳам улуғ хизматлар қила оладиган улкан адиб ва ҳассос шоир эканлигига гувоҳ бўлади.
Зеро, “Навоий”, “Қутлуғ қон”, “Наъматак” каби асарлари Ойбек номини мудом шарафлаб туради.
Тез орада ушбу китоб тақдимоти Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ташкил этилади.
Н.Усмонова, ЎзА