“Ёш китобхон оила” танлови ўтказилмоқда
Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб “Ёш китобхон оила” танловининг туман босқичлари ўтказилмоқда. Танловда 1995-2005 йиллар оралиғида туғилган ёш оилалар иштирок этмоқда.
Танловнинг Чортоқ туман босқичи кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Оилаларда китобхонлик маданиятини юксалтириш, ҳар бир оила аъзосини китоб мутолаасига кенг жалб этиш, улар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат, одоб-ахлоқ фазилатларини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган танловда вилоятнинг шаҳар ва туман босқичларида ғолиб бўлган ёш оилалар иштирок этди.
Хусусан, “Ёш китобхон оила” танлови иштирокчилари белгиланган талаблар асосида ўз билимини синовдан ўтказди.

Натижаларга кўра, 1-ўрин Муҳаммадазимовлар оиласига, 2-ўрин Аҳмаджоновлар оиласига, 3-ўрин эса Жўрабоевлар оиласига насиб этди.
Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида танловнинг биринчи босқичида иштирок этиш истагини билдирган ёш оилалар тест синови орқали саралаб олинди.

Ёш оилалар маънавиятини юксалтириш ва китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида ўтказилган шаҳар босқичида эса қуйидаги оилалар ғолибликни қўлга киритди. Хусусан, 1-ўринни Ойдин маҳалласининг Маматовлар оиласи, 2-ўринни Оқтепа маҳалласининг Набиевлар оиласи ҳамда 3-ўринни Хонтепа маҳалласининг Темировлар оиласи эгаллади.
Ғолиб оилага вилоят босқичида иштирок этиш учун йўлланма берилди. Танлов иштирокчилари эса ўз билим ва маҳоратларини синовдан ўтказиб, китобхон оилалар сафини янада кенгайтиришга ҳисса қўшдилар.

Ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА