Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги Ёшлар марказида ёшлар маънавияти ва китобсеварликка бағишланган “Ёш китобхон оила” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Танлов ёш оилалар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, оила аъзоларини мутолаага кенг жалб этиш, уларда меҳр-оқибат, одоб-ахлоқ ва маънавий юксаклик фазилатларини ривожлантиришни мақсад қилган. Унда миллати, дини, ижтимоий келиб чиқиши ва тилидан қатъи назар, 30 ёшгача бўлган барча ёш оилалар иштирок этиш имкониятига эга бўлишди.

Айтиш жоизки, китобхонликка бўлган қизиқиш йил сайин ортиб бормоқда. Агар 2024 йилда республика бўйича 1 986 нафар ёш оила мазкур танловда иштирок этиш учун ариза берган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 2 519 нафарга етди. Бу эса ёшлар орасида маънавият, китоб ва оилада мутолаа муҳитини яратишга бўлган қизиқиш ортиб бораётганидан далолат беради.

Вилоят босқичига туман ва шаҳарларда ғолиб чиққан 11 нафар иқтидорли ёш оилалар йўлланма олишди. Улар икки шарт бўйича баҳсга киришди.
Биринчи шарт — “Бадиий асарлар билимдони” деб номланиб, иштирокчилардан турли асарлар сюжетларини ёдга олиш, шеърий парчаларни тўғри топиш ва уларнинг мазмун-моҳиятини шарҳлаб бериш талаб этилди. Бу жараёнда ҳакамлар ҳайъати томонидан қўшимча саволлар ҳам берилди.

Иккинчи шарт — “Тезкор савол-жавоб” бўлиб, унда оила аъзоларининг адабий дунёқараши ва умумий билим даражаси синовдан ўтказилди. Ҳар икки босқичда ҳам иштирокчилар ўз салоҳияти ва билим даражасини намойиш этишга интилишди.

Танлов якунида Сайхунобод туманидан Зариповлар оиласи 1-ўринни эгаллаб, Республика босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритишди. 2-ўрин — Гулистон туманидан Солижоновлар, 3-ўрин — Ховос туманидан Мирсидиқовлар оиласига насиб этди.
Ғолиб ва фаол иштирокчиларга Ёшлар ишлари агентлигининг дипломлари ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири