Ёш ижодкорларнинг илк китоблари нашр этилди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида "Менинг биринчи китобим" лойиҳаси доирасида 9 нафар ёш қаламкашнинг илк китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ёш истеъдодларнинг дастлабки китоблари нашр этилиши мамлакатимизда улғайиб келаётган авлодга кўрсатилаётган чексиз меҳр ва ғамхўрликнинг амалдаги ёрқин ифодаси эканини таъкидлади.

–Бизнинг биринчи китоблар 1985 йили катта машаққатлар билан нашр этилган эди, – деди Сирожиддин Саййид. – Китоб “Руҳим харитаси” номи билан чоп этилган. Нашр қоғозининг сифати ҳам ҳозиргисидан кескин фарқланарди. Шўролар даврида оппоқ, сифатли қоғозларда китобларнинг нашр этилиши учун Москвадан собиқ иттифоқ Ёзувчилар уюшмасидан рухсат олиш керак эди. Демоқчиманки, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева каби устоз қаламкашларнинг ижод қилиши осон кечмаган. Албатта, биргина китоб билан Зулфияхонимдек шоира бўлиб кетиш мумкин эмас. Ёшларимиз бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан яратиб берилаётган кенг имкониятларнинг қадрига етиб, тинимсиз ўқиб, изланиб, ижод қилишларини жуда истардим.
Анжуманда бугунги кунда миллий адабиётимизда ижод қилаётган ёшлар учун имкониятлар эшиги кенг очилгани алоҳида эътироф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 1 апрелдаги “Ижод мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг тегишли бандида ижод мактаблари ўқувчиларининг ижодий ишларини доимий чоп этиш тизимини йўлга қўйиш вазифаси белгиланган.
Мазкур тақдимот анжумани эса ана шу вазифалар ижросини таъминлашга бағишланди. Унда ижод мактаблари ўқувчиларининг ижодий ишларини доимий чоп этиш тизимини йўлга қўйиш ва ёш ижодкорларни кашф этишга эътибор қаратилди. Устоз адибларимиз номи билан аталувчи ижод мактабларида таҳсил олаётган истеъдодли ўқувчиларнинг шеърлари Ёзувчилар уюшмаси томонидан "Менинг биринчи китобим" лойиҳасида чоп этилди.

Уларнинг ҳар бири “Aдабиёт” нашриётида 500 нусхадан нашр қилинди. Мазкур жараёнга Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид бадиий раҳбар, Ботиржон Эргашев масъул муҳаррирлик қилган.
Маълумки, Ёзувчилар уюшмаси томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинарида 2024 йилдан бошлаб мамлакатимизнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган ижод мактаблари ўқувчилари ҳам иштирок этмоқда. Aтоқли адиблар номи билан аталиб, таълим жараёнида тилимиз ва миллий адабиётимизни чуқур ўрганиш, бадиий ижодга аҳамият берилаётган ушбу ўқув даргоҳларида ижод билан шуғулланаётган кўплаб ёшлар етишиб чиқмоқда.

Ижод мактабларининг энг истеъдодли ўқувчилари ижоди китоб ҳолида чоп қилинди ва тақдимотда иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди. Хусусан, Нигина Рустамбоеванинг "Бахт гуллари", Гулсевар Умрзоқованинг “Ёмғир”, Зулҳаё Мингбоеванинг “Истак”, Нурдана Бийсенбаеванинг "Қўшиқ ҳам гурринлер", Роҳила Рўзиманнопованинг "Барглар нидоси", Моҳира Диниқулованинг "Юракка мактуб", Маржона Эшқулованинг “Ифтихор”, Одина Рустамжонованинг “Орзуларим”, Мухлисахон Ҳайдарованинг "Мовий орзулар" каби китоби шулар жумласидан.

Ушбу китоблар асосан назм жанрида бўлиб, Эркинжон Ҳожимуродов, Хулкар Шерзодова, Маъмура Зоҳидова, Зулфия Сатбаева, Ирода Раҳмоналиева нашрга тайёрлаган.
–Китобим нашр этилганидан жуда хурсандман, – деди Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабининг 9-синф ўқувчиси Роҳила Рўзиманнопова. – Бунинг учун барча устозларга раҳмат айтаман. “Барглар нидоси” деб номланган ушбу китобчадан Ватан, она, табиатга бағишланган шеърлар ўрин олган.

Тадбирда муаллифларга илк китоблари топширилди. Шу билан бирга, ўзбек ва жаҳон адибларининг энг сара асарларидан иборат китоблар тўплами ёш ижодкорларга туҳфа этилди. Адабий анжуман якунида мусиқий дастур намойиш қилинди.
Назокат Усмонова,
Аҳмаджон Эргашев(сурат),
ЎзА