Пойтахтимиздаги Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида “ARTmosfera” ёшлар кўргазмаси ташкил этилди.
Ўзбекистон Миллий банки ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазмада Ўзбекистон Бадиий академияси стажёрлари, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, “Кимё” халқаро университети, Сергей Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти (ВГИК) Тошкент филиали ҳамда Тошкент архитектура-қурилиш институти талабалари иштирок этмоқда. Ноанъанавий чиқишлар орқали томошабинлар ёшларни қандай мавзулар қизиқтираётгани ва улар ўз ғояларини санъат орқали қай йўсинда ифода этаётганини кўриш имкониятига эга бўлмоқда.
Кўргазмада сўнгги икки йил мобайнида ёш рассомлар томонидан турли йўналишларда яратилган асарлар намойишга қўйилган. Рангтасвир, графика, ҳайкалтарошлик, инсталляция, фото санъати ва видео-арт ишлари ўзига хослиги билан киши эътиборини тортади.
[gallery-24261]
Ёш муаллифлар ўз асарларида инсон ва табиат, хотира ва вақт, урбанизация ва шаҳар ҳаёти, анъаналар ва уларнинг замонавий талқини, ички дунё ҳамда орзулар, жамиятдаги ўзгаришлар ва келажак ҳақидаги қарашлар каби мавзуларга мурожаат қилган. Улар турли техника, материаллар билан эркин тажриба қилиб, ўз фикри, кечинмалари, дунёқарашини ифода этган. Асарлар анъаналар, инсон ва табиат муносабатлари, тез ўзгараётган жамият ҳамда инсон ҳис-туйғулари, орзулар, келажакка умид ҳақида сўзлайди.
Ёшлар учун ушбу кўргазма ўз асарларини кенг жамоатчиликка тақдим этиш, томошабинлар фикрини эшитиш, ижодий йўлда илк қадамларини қўллаб-қувватланиши ва илҳом олиш учун муҳим имконият ҳисобланади.
Кўргазманинг очилишида фаол ва иқтидорли иштирокчиларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Ёшлар рангтасвир, графика, фотография, рақамли санъат ва видео-арт, шунингдек, энг ёрқин ғоя, анъаналарни қайта талқин қилиш ва ижтимоий ёки экологик санъатга қўшган ҳиссаси учун қатор номинациялар бўйича тақдирланди.
Кўргазма томошабинлар ва ёш рассомлар учун учрашув ҳамда мулоқот майдони сифатида хизмат қилиши билан аҳамиятли. Бу ерда томошабинлар рассомлар билан яқиндан танишиб, уларга саволлар бериш, асарлар ҳақида фикр алмашиш имконига эга бўлмоқда.
“ARTmosfera” жорий йилнинг 10 августига қадар давом этади.
Камола ЮСУПОВА,
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА