
Президентимизнинг 2022 йил 20 январдаги “Заковат интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Республика Адлия вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари томонидан бир қатор тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Жумладан, Наманганда бўлиб ўтган “Ҳуқуқий заковат” интеллектуал ўйини 1000 нафардан ортиқ ёшни бир эзгу мақсад йўлида бирлаштирди, ақлий салоҳиятни юксалтиришга ундади. Шаҳар ва туман босқичларида биринчиликни қўлга киритган 14 та жамоа вилоят босқичида яна бир бор тафаккур синовидан ўтди.

Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган билимлар баҳсида “Легенда”, “Динамит”, “Норин”, “Тафаккур”, “Таманно” жамоалари алоҳида фаоллик кўрсатди. Мазкур танловда жами 24 га яқин савол ўйналиб, улар кетма-кетликда эълон қилинди ва ҳар бири учун бир дақиқадан вақт ажратилди. Эътиборлиси, саволлар қизиқарли, мантиқий, ҳуқуқий, аниқ фактларга асосланган бўлиб, комиссия томонидан саралаб олинган.

Ўз навбатида, иштирокчиларга жавоб топиш ҳам осон кечмади. Жамоалар орасидан энг кучлилари ҳакамлар ҳайъати томонидан қўйилган адолатли баҳолар орқали аниқланди.
Беллашувда Чуст тумани “Динамит” жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Норин тумани “Норин” жамоаси фахрли иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, тўрақўрғонлик билимдонлар кучли учликдан жой олди.

Шунингдек, “Энг илғор жамоа”, “Энг намунали жамоа”, “Энг билимли иштирокчи” номинацияси бўйича ҳам муносиблар аниқланди. “Ҳуқуқий заковат” интеллектуал ўйинининг ғолиб-совриндор жамоалари ва фаол иштирокчилар Наманган вилояти адлия бошқармасининг диплом, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.