Ёш дзюдочилар Сирдарёда куч синашди
Гулистон шаҳридаги “Алпомиш” спорт мажмуасида ёшларнинг спорт турларига бўлган қизиқишини янада ошириш, ёш спортчиларни қўллаб-қувватлаш, улар орасидан бўлғуси чемпион спортчиларни етиштириб чиқариш мақсадида 2010-2011, 2012-2013 йилларда туғилган кичик ёш гуруҳидаги спортчилар ўртасида спортнинг дзюдо тури бўйича Сирдарё очиқ мусобақаси ўтказилди.
Мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда қўшни Тожикистон Республикасидан жами 400 нафардан ортиқ дзюдочи– кичик ёш спортчилар иштирок этиб, турли вазн гуруҳлари бўйича ўзаро беллашди.
Мусобақа натижаларига кўра, бир қатор ёш спортчилар ўзларини юқори савияда намоён этишди ва ғолиблар қаторидан ўрин олишди. Акобир Арзимуродов, Диёрбек Файзуллаев, Меҳрож Рустамов, Озода Ҳакимова, Шаҳло Йўлдошева, Кумуш Норбоева, Одина Сайфуллаевалар олтин медални қўлга киритди.
Умумжамоа ҳисобида Сирдарё вилояти шарафини ҳимоя қилган кичик ёшдаги дзюдочилар 7 та олтин, 4 та кумуш, 13 та бронза медали билан 1-ўринни қўлга киритган бўлса, 2-ўринга Тошкент шаҳридан, 3-ўринга Тошкент вилоятидан ташриф буюрган кичик ёшдаги дзюдочилар мушарраф бўлди.
Аҳамиятлиси, Сирдарёда спортнинг дзюдо, енгил атлетика, бокс, белбоғли кураш каби турларига қизиқадиган, мунтазам шуғулланадиган кичик ёшдаги спортчилар сони кун сайин ошиб бормоқда. Бу ерда дзюдо, енгил атлетика каби спорт тўгараклари йўлга қўйилиб, болалар шуғулланиши, мусобақа ташкиллаштирилиши учун барча шарт-шароит яратилгани иқтидорли спортчиларнинг етишиб чиқишига замин бўлмоқда.
[gallery-21790]
Сирдарёда дзюдо спорт тури бўйича икки кун давомида ўтказилган Сирдарё очиқ мусобақаси ғолиб ва фаол иштирокчиларига мусобақа ташкилотчиларининг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири