Ёш чавандозлар баҳси қизғин ўтмоқда
Пойтахтимиздаги Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳузуридаги от спорти бўйича Республика олий спорт маҳорати мактабида болалар, ўсмирлар ва ёшлар ўртасида от спорти бўйича шахсий-жамоавий йўналишда мамлакат чемпионати ўтказилмоқда.
Мусобақанинг дастлабки кунида "Болалар учун дастлабки мукофот" дастурида Арина Панова "Akdam" лақабли отида биринчи ўринни эгаллади. "Бошланғич совринли ўсмирлар" номинациясида Феликс Нуритдинов "Beniamino Di Fortuna" тулпори билан олтин медаль соҳибига айланди.
"Ёшларнинг дастлабки мукофоти" дастурида "Сенатор" лақабли тулпори билан Ксения Раҳматуллаева олтин медаль билан тақдирланди. Шунингдек, иқтидорли чавандоз қизимиз Ксения "My Quick Eps G" лақабли иккинчи отида кумуш медаль соҳиби бўлди.
Ушбу йўналишдаги бронза медаль "Alon" исмли отида баҳслашган Айлин Абдуллаевага насиб этди. Мусобақа 13 июнь кунига қадар давом этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА