
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 80 йиллиги кенг нишонланмоқда. Ўзбекистон ёш ботаник олимларининг анъанавий III Республика анжумани доирасида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Хўш, бугунги кунда ёш ботаник олимлар томонидан қандай тадқиқотлар олиб бориляпти?

— Илмий ишимнинг мавзуси ғўзада алоҳида хромосома шакл ва линияларини яратиш, — дейди Ўзбекистон Миллий университетининг Биология факультети, генетика кафедраси докторанти Шуҳрат Бобохўжаев. — Бугунги ёш олимлар илмий конференциясида ғўзаларда учрайдиган муаммоларни бартараф этиш бўйича қилинган ишлар ҳақида тушунча бериб ўтдим.
Ушбу анжуман ботаника соҳасида ўқиб, иш излаб юрган кўпчилик ёшларни қамраб олди.

— Анжуман доирасида кўплаб ёшлар бизга иш масаласида мурожаат қилди, — дейди Ўзбекистон Фанлар академияси Ботаника институти катта илмий ходими Зиёвуддин Юсупов. — Улар орасидан ботаника соҳасини чуқур тушунадиган, изланиш олиб боришга тайёр, кўзлари чақнаб турган ёшлардан бир нечтасининг ҳужжатларини олиб қолдик. Ҳозирча бизда иш ўринлари етарли. Уларни иш билан таъминлашга ҳаракат қиламиз. Ҳозирги кунда лаборатория ходимлари айнан ёшлар жамоасидан ташкил топган. Уларнинг ҳар биттасида инглиз тили сертификатлари мавжуд. 6 нафар ходимимиз хорижда PhD ҳамда магистр даражаларини олишга ҳаракат қилишяпти.

Тадбир иштирокчилари институтда молекуляр тадқиқотлар амалга оширилаётганини, лаборатория шароитлари жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган даражада ишлаётганини таъкидлади.
Н.Раҳмонова, ЎзА