Ёш атлетларимиз Хитойда ғолиб бўлди
Хитойнинг Урумчи шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ўртасида енгил атлетика бўйича ёпиқ иншоотларда ўтаётган халқаро турнирда атлетлар U16, U18, U20 ва катталар ёш тоифасида ғолиблик учун курашмоқда.
Мусобақанинг дастлабки кунида U16 ёш тоифасида ҳамюртимиз Достонбек Абдумуталов ядро улоқтириш баҳсларида 14,83 метр натижа билан олтин медални қўлга киритди. U18 ёш тоифасидаги ядро улоқтириш беллашувларида эса Ойбек Зарифжонов 15,05 метр натижа билан бронза медалига эга чиқди.
Узунликка сакраш баҳсларида 18 ёшгача бўлган ёш атлетлар орасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Анжелина Гречкина шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Катталар ўртасида баландликка сакрашда Амир Нагаев терма жамоамиз ҳисобига навбатдаги олтин медални келтирди.
Шунингдек, Анастасия Сильченкова мусобақанинг U16 ёш тоифасидаги 1500 метрга югуриш баҳсларида белгиланган масофани биринчи бўлиб босиб ўтди. Энди атлетимиз 3000 метрга югуришда баҳслашади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА