Ёш архивчилар Бухорода
Бухорода «Ўзархив» агентлиги тизимида ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда «Ўзархив» агентлиги директори Улуғбек Юсуповнинг ахбороти тингланди. Таъкидланишича, «Ўзархив» агентлиги тизимида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан 2021 йилга мўлжалланган «Ёшлар дастури»га кўра бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотларда жами 491 нафар 30 ёшгача бўлган ёшлар фаолият олиб бормоқда. Шундан 227 нафари ўғил болалар, 264 нафари қизларни ташкил этади.

2020-2021 ўқув йили учун «Ўзархив» агентлиги раҳбарияти тавсияномалари асосида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети махсус сиртқи таълим шакли бўйича 100 га яқин архив ходимлари талабаликка тавсия этилди. Улар синов имтихонларисиз ўқишга қабул қилинган.
Соҳада фаолият олиб бораётган ёшларни Агентлик ҳузуридаги Архив иши ва иш юритиш илмий-методик марказида бепул малака оширишлари учун шароит яратилган. Шу кунга қадар соҳада фаолият олиб бораётган 100 дан ортиқ ёш ходимлар архив иши ва иш юритиш йўналишлари бўйича бепул малака оширди. Уларга белгиланган тартибда сертификат топширилди. 2021 йил якунига қадар соҳада фаолият олиб бораётган барча 30 ёшгача бўлган архив ходимларини малакасини ошириш белгиланган.
Бугунги кунга қадар соҳада фаолият олиб бораётган 40 дан ортиқ фаол ва ташаббускор ёшлар «Ўзархив» агентлигининг диплом, фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалари билан тақдирланди.

Агентлик тизимидаги архив муассасалари ходималарининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ҳуқуқий онгини ҳамда соҳага оид билимларини ошириш, шунингдек баҳор байрамларини муносиб нишонлаш мақсадида 2021 йил 3-4 март кунлари Андижон вилоятида «Балли қизлар» республика кўрик-танлови ўтказилди. Мазкур танловга тизимдаги 120 нафар хотин-қизлар қамраб олинди.
Тизим ёшлари орасида «Агентлик кубоги» спорт мусобақалари ўтказилди. Мазкур спорт мусобақаларига республика бўйича давлат архивларидан жами 400 нафар архивчи ёшлар жалб этилди. Давлат архивларида спорт тарғиботи бўйича кунлик машғулотлар ўтказилиши йўлга қўйилган. Архивчи ёшлар ўртасида ҳуқуқий саводхонлик ва соҳага доир билимларни ошириш мақсадида «Зукколар» интеллектуал ўйини ўтказилмоқда.
2020 йилда ушбу ўйинга республика бўйича жами 85 нафар ёшлар жалб этилган. Жорий йилда 100 га яқин ёшлар мазкур мусобақаларда фаол иштирок этди. Бухоро шаҳрида ушбу ўйинларнинг финал босқичи ўтказилди. Финалда Навоий ва Наманган вилояти жамоалари қатнашди.

Архивчи ёшларнинг хорижий давлатларга малака ошириш ва тажриба алмашишга юбориш йўлга қўйилган. Ёшлар малака ошириш мақсадида Жанубий Корея, Россия ва Қозоғистон давлатларига ҳар йили юборилади.
2020-2021 йилларда пандемия муносабати билан юбориш имконияти чекланган бўлсада, ушбу йилларда 5 та халқаро, 4 та республика конференцияларида 150 га яқин ёш архивчилар иштирок этган.
Республикамизда ҳар йили 9 июнь – Халқаро архивлар кунини нишонлаш доирасида янги қурилган ёки капитал таъмирдан чиққан архив биносини фойдаланишга топшириш, ёш архивчилар форумини ва бошқа қатор тадбирларни ўтказиш анъанага айланган.

Республика «Ёш архивчилар форуми» ҳамда 9 июнь – Халқаро архивлар куни ва 15 июнь «Архив иши тўғрисида»ги қонун қабул қилинганлигининг 11- йиллиги муносабати билан бир қатор тадбирлар ўтказилиши белгиланган.
Хусусан, «Зукколар» интеллектуал ўйинлари финал босқичи, ёшларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари ва зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида Бухоро тарихий обидаларига саёҳат, Когон шаҳар давлат архивининг фойдаланишга топшириш маросими, «Электрон архивлар: архивлар фаолиятида ахборот коммуникация технологиялари ва инновация» мавзуида конференция, «Йилнинг энг фаол ёш архивчи ходими» республика кўрик танлови, «Нутқ маданияти ва нотиқлик»-“Time-management”- «Табиий усулда реставрация учун елим тайёрлаш (Корея тажрибаси)” мавзуларида мастер-класслар ўтказилди.
Анжуманда соҳа ходимлари томонидан журналист ва блогерларнинг саволларига батафсил жавоб берилди.
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА