Ёнғин хавфсизлиги университет назоратида
Мамлакатимизда ўтказилаётган “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” доирасида ўтказилаётган тадбирларда куз-қиш мавсумида ис газидан заҳарланиш, ҳаво-газ аралашмаси чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, ёшлар, айниқса, талабаларнинг саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Термиз давлат университети қошида ташкил этилган ишчи гуруҳи ҳам ижара асосида яшаётган талаба-ёшларнинг хонадонларида бўлиб, ёнғин хавфсизлиги ва ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида суҳбатлар ўтказмоқда.

Профессор-ўқитувчилар, факультетлар деканлари ва талабалар иштирокида ташкил этилаётган тадбирларга соҳа мутахассислари таклиф этилиб, улар билан очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда. Сурхондарё вилоятидаги энг йирик олий таълим муассасасида бўлиб ўтган навбатдаги тадбирда Термиз шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи А.Кўчаров учрашув қатнашчиларига хонадонлар ва талабалар турар жойида қўлбола ясалган электр иситиш, бошқа электр, газ ускуналаридан фойдаланишнинг салбий оқибатлари ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, кўнгилсиз воқеаларнинг келиб чиқишига фуқароларнинг газ ва муқобил ёқилғи кўмир, ўтин ва бошқа турларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик, ностандарт яъни, қўлбола ясалган ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш, иситиш печларининг дудбуронларини нотўғри ўрнатиш, ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш каби ҳолатлар сабаб бўлиши ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш юзасидан тавсиялар билдирилди.
Ёнғин хавфсизлигини таъминлашда қўлланиладиган техника ва жиҳозлар кўргазмаси ташкил этилди. Мавсумда талаба-ёшлар ўртасида ёнғин хавфсизлиги билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун Термиз давлат университети ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор О.Шофиев ҳамда ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси И.Толипов бошчилигида ишчи гуруҳ ташкил этилиб, ижарада яшовчи талабаларнинг шарт-шароити ҳамда хавфсизлигини ўрганиш йўлга қўйилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари ижарада яшаётган талабаларнинг хонадонларида бўлиб, яратилган шароитлар билан танишмоқда. Иситиш тизимларини кўздан кечириб, тегишли таклиф ва тавсияларни билдирмоқда.

– Таълим муассасамиз ҳудудида олтита талабалар турар жойи мавжуд,– дейди Термиз давлат университети ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор Обиджон Шофиев. – Уларда 2 минг 695 нафар талаба истиқомат қилади. Барча қулайликларга эга талабалар турар жойларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун зарур чора-тадбирлар белгиланиб, куз-қиш мавсумига пухта ҳозирлик кўрилди. Айни пайтда ижарада яшаётган беш мингга яқин талаба-ёшларимиз хонадонларида бўлиб, уларнинг турар-жойларида ёнғин хавфсизлиги ва ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш қандай йўлга қўйилганини ўрганяпмиз. Яратилган шароитлар ва хоналар иссиқлигини кўздан кечиряпмиз. Талабалар дуч келаётган муаммолар тўғрисида суҳбатлашяпмиз. Камчилик аниқланган хонадон соҳибларига талабалар учун зарур шароитларни яратиш бўйича таклифларимизни бердик. Чунки, талабаларнинг нафақат таълим олиб, касб ўрганишини балки, муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш ҳам бурчимиздир. Шу боис камчилик аниқланаётган хонадонларни ўз назоратимизга олдик.
Ишчи гуруҳ аъзолари шу кунгача уч мингга яқин талабанинг ижарада яшаш шароитлари, куз-қиш мавсумига тайёргарлиги билан яқиндан танишди. Бир йўла ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш ва қўлбола печлардан ноқонуний фойдаланиш юзасидан йўриқнома берилиб, тегишли тавсиялар берилмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири