Ёнғин хавфсизлиги барча учун...
Урганчда “Хоразм вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Давлат ёнғин назорати органининг мансабдор шахслари томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишда қонунийликни таъминлаш хамда текширув ўтказишда юзага келаётган муаммолар” мавзусида ўқув-амалий семинар ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг ходими, Хоразм вилояти суди, вилоят Адлия бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси тизимидаги мансабдор ва маъсул ходимлар иштирок этди.
Мамлакатда тадбиркорлик фаолиятини тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминлаш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва республиканинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

– Мамлакатимизда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича бой тажриба тўпланган, – дейди Хоразм вилояти ФВБ бош инспектори катта лейтенант Мирзожон Қурбанов. – Ушбу йўналишдаги тузилмалар фаолияти изчил йўлга қўйилиб, соҳа қонунчилиги замон талабларига мос равишда такомиллаштирилмоқда. “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунга биноан, ёнғин хавфсизлиги хизмати ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари, корхона ва хўжаликлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг шу йўналишдаги масъулияти кучайтирилди. Бу амалда ўзини тўла оқламоқда. Албатта, тадбиркор ҳалқнинг ишончи, таянчидир. Келажакда уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш эмас, балки уларга яқин кўмакчи бўлишимиз лозим.
Тадбирда давлат ёнғин назорати органи мансабдор шахслари томонидан амалиётда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилаётган текширувлар давомида юзага келаётган муаммоли вазиятлар бўйича масъул органлар вакилларига саволлар берилди.
Мутасаддилар юзага келаётган ёки дуч келиш мумкин бўлган муаммоли вазиятларни ҳаётий мисоллар орқали тушунтириб, қонун ҳужжатларига мос равишда фаолият олиб бориш кераклигини тушунтирди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА