Ёмғир ёғар ҳам қайғумга, ҳам қувончимга
Ёмғир ёғар шиғалаб ёғар,
Томчилар, томчилар сочимга.
Ёмғир ёғар шиғалаб ёғар,
Ҳам қайғумга, ҳам қувончимга.


Бугун эрта тонгдан шаррос ёмғир ёғар экан, хассос шоир Рауф Парфининг ушбу мисралари ёдимга тушди.
Кенг далалардан ўтиб келар эканман, ёғаётган ёмғир ризқ-рўз, келгуси йил учун барака, дея қувондим. Шивалаб турган ёмғирда жовдираб турган ғалла майсалари байрам қилади гуё. Аммо Қарши шаҳрига кириб келар эканман катта йўл ёқарига тўпланиб қолган сунъий кўлларни кўриб, йўлдаги қувончдан асар ҳам қолмади. Балки қайғуга айланди. Тинимсиз ёққан ёмғир баъзи кўчаларнинг ярмини қоплаган. Пиёдалар йўлакчалари ёпилиб қолганидан пиёдалар йўлнинг исталган жойидан кесиб ўтишга мажбур бўлмоқда.


Ҳатто шаҳарнинг марказий кўчаларидан бири ҳисобланган Ислом Каримов кўчасида ҳам аҳвол шу. Йиғилиб қолган сувлар ободонлаштириш бошқармасининг махсус машиналари орқали тортиб олинмоқда. Сувни ёмкисига сўриб олаётган машиналар шофёрларини суҳбатга чорладик. “Ҳаммасига тинимсиз ёққан ёмғир сабаб, бунақа ёмғир ёғмаган-да ҳеч”, дейди улардан бири. Яна бошқаси: “Шаҳарда оқова сув чиқиб кетадиган қувур бўлмагандан кейин, на илож” дейди. Лекин қачонгача? Ҳар ёмғир ёққанда шаҳарда аҳвол шу. Натижада йўлларда чўкишлар, ёрилишлар ҳосил бўлмоқда. Наҳотки, вилоят маркази бўлган Қарши шаҳрида оқово сув тармоғини ташкил қилиб бўлмаса? Ёки Ободонлаштириш бошқармаси ишчилари таъкидлаганидек ҳаммасига тинимсиз ёққан ёмғир айбдорми?
Ушбу масалага изоҳ излаб вилоят ободонлаштириш бошқармаси раҳбарини изладик. Аммо топа олмадик. Бундай пайтда албатта топилмайди.


Қарши шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати эса ушбу ҳолат юзасидан телеграмм тармоғидаги расмий каналида қуйидагича изоҳ қолдирди.
“Кучли шамол ва ёмғир оқибатлари бартараф этилмоқда. Кеча тунда Қарши шаҳрида эсган кучли шамол ва ёмғир оқибатида айрим дарахтларга зарар етказилган. Бундан ташқари, ёққан кучли ёмғир оқибатида шаҳарнинг айрим кўчаларида сув тўпланиб қолиш ҳолатлари кузатилди. Ҳозирда ушбу ҳолатларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилиб, ишлар олиб борилмоқда”.

Ушбу муаммонинг ечими, қуёш чиқиб ёмғир сувлари тезда қуриб кетгани каби, ҳавога парланиб кетмайди. Ҳали бутун қиш мавсуми олдинда, қолаверса серёмғир баҳор навбат кутиб турибди. Хулоса ўзингиздан.

Ўлмас Баротов, ЎзА.