Термиз шаҳридаги “Нигина” тантаналар саройида Автомобиль йўллари қўмитаси ишчи-ходимлари ўртасида ташкил этилаётган “Заковат” интеллектуал ўйинининг Сурхондарё вилоят саралаш босқичи бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2022 йил 20 январдаги “Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида жорий йилнинг февраль ойида мамлакатимиз йўлсозларининг “Заковат” интеллектуал ўйинларини ўтказиш белгиланган. Ишчи-ходимларнинг интеллектуал билимини синовдан ўтказиб, ақлий салоҳиятини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва улар ўртасида китобхонликни тарғиб этишга йўналтирилган тадбирда Автомобиль йўллари қўмитаси масъул ходимлари, вилоят бош бошқармасининг давлат муассасалари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
“Заковат” интеллектуал ўйинининг вилоят саралаш босқичида воҳа йўлсозларидан шакллантирилган ҳар бири олти иштирокчидан иборат 16 та жамоа ўз билимларини кенг намойиш этди.
Қизғин баҳслар асосида ўтган ўйинда йўл қурилиши соҳасига оид ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар, халқ оғзаки ижоди, бадиий адабиётга оид ҳамда мантиқий, чалғитувчи ва қизиқарли саволлар ўртага ташланди. Якунда энг кўп балл тўплаган Сариосиё туман йўллардан фойдаланиш корхонаси давлат муассасасининг “Сангардак” жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллаб, мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Музработ туман йўллардан фойдаланиш корхонаси давлат муассасасининг “Йўлчилар” жамоаси иккинчи, Узун туман йўллардан фойдаланиш корхонаси давлат муассасасининг “Боботоғ” жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
Ғолиблар статуэтка, диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, турли номинациялар ғолиблари ҳам аниқланиб, рағбатлантирилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири