Йўловчиларни мафтун этган соз сеҳри (+видео)
Бугун, 20 апрель куни соат 10 лар чамаси Ёшлар ижод саройи биноси олдидан ўтиб кетаётиб, ажойиб манзарага гувоҳи бўлдик. Сарой биноси олдида бир нафар устоз ва юзга яқин шогирдлар доира чертиб, бир-биридан дилтортар куйларни чалишарди.
Соз сеҳри ва ундаги жонли равишда чалинаётган куйлар шу қадар ёқимли эдики, ўтган-кетган йўловчиларни мафтун этмай қолмади. Доиранинг овозини узоқлардан эшитиб келган томошабин тингловчилар қўлларига уяли телефонларини олиб, жараённи тасвирга муҳрлашга тушиб кетишди.
Доира ҳақида қисқача маълумот
Доира (чилдирма, чирманда, дойра, дафф, дапп) — ўзбек, тожик, уйғур ва бошқа шарқ халқларининг чолғу асбоби. Доира зарб билан уриб чалинади. Гардиши ўрик, ёнғоқ ёғочидан ясалади. Гардиши устидан ташқари томондан тери билан қопланади. Гардишнинг ич томонига тамбурникига ўхшаш халқачалар осилади. Доира - зарбли чолғу асбоблар гуруҳига киради.
Келиб чиқиши тарихи
Доира қадимий мусиқа чолғуларидан ҳисобланади. Марказий Осиё (Нисо шаҳри, эрамиздан аввалги 2-аср)да топилган терракота ёдгорликларида доирачи аёллар тасвирланган. Доира ва унга яқин урма мусиқа чолғулари тожик, арман, озар, уйғурларда дап, дапп, дафф, деф деб номланади. 20-асрда ўзбек доира ижрочилик анъаналарини Уста Олим Комилов, Т. Иноғомов, Д. Соттихўжаев, Раҳим Исохўжаев, Ф. Азимов, Қаҳрамон Дадаев, О. Камолхўжаев, ака-ука Исломовлар, М. Орипов, Р. Отабоев, Т. Сайфиддинов, Р. Самадов ва бошқалар мукаммаллаштирган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/9xelT06scrg" title="Йўловчиларни мафтун этган соз сеҳри" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>М.Эшмирзаева,(видео) ЎзА